АҚШ Ғазодаги ҳужумларни қоралаган БМТ вакилини жазолади

13:40 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг маърузачиси Франческа Албанезега нисбатан санкция жорий қилди. Бу қарор Албанезе Ғазога ҳужумларни қоралагани ва Халқаро жиноят судини қўллаб-қувватлагани ортидан қабул қилинди.

Albanese

АҚШ Давлат котиби Марко Рубиога кўра, Албанезе Халқаро жиноят суди (ХЖС) билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилган. Унинг таъкидлашича, мазкур ҳаракат АҚШ ва Исроил фуқароларини жиноий жавобгарликка тортишга уриниш сифатида баҳоланган. Шу боис Албанезе «БМТнинг махсус маърузачиси лавозимига номуносиб» деб топилган.

Рубиога кўра, Албанезе «Антисемитизмни тарғиб қилган, терроризмни қўллаб-қувватлаган ва Ғарб давлатларига нисбатан очиқча нафрат билдирган». Унинг айтишича, АҚШ бундай сиёсий ва иқтисодий босимлар орқали ўз суверенитетига таҳдид қилувчи ҳаракатларга йўл қўймайди.

Санкциялар натижасида италиялик Албанезенинг АҚШга кириши тақиқланади ва мамлакатдаги активлари музлатиб қўйилади. Албанезе Х ижтимоий тармоғидаги баёнотида «Адолат тарафида собит қоламан» дея маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, Италия — суд тизими асосчиларидан бири ва бу анъанани ҳимоя қилиш унинг инсоний бурчидир. «Адвокатлар ва судьялар адолат учун кўп ҳолларда ҳаётини хавф остига қўяди. Мен ана шу анъанани ҳурмат қилишни истайман», — деб таъкидлаган у.

«Al Jazeera» нашрининг ёзишича, Албанезе АҚШ санкцияларини «мафия услубидаги таҳдид» деб атаган. Эслатиб ўтамиз, Трамп маъмурияти давридан бери АҚШ Халқаро жиноят судига нисбатан кескин танқидчи бўлиб келмоқда. 2024 йилда ХЖС Исроил бош вазири Биньямин Нетаняху ва мудофаа вазири Йоав Галлантга нисбатан Ғазодаги можаролар юзасидан ҳибс ордери берган эди.