АҚШ Пентагони 1 октябрда бошланадиган янги молия йилида Patriot зенит-ракеталар тизими учун 1,3 млрд долларлик ракеталар харид қилишни режалаштирмоқда. Bloomberg’нинг хабар беришича, бу АҚШ армияси олдин режалаштирилган 3376 та ракета ўрнига 13 773 та ракета харид қилишни кўзда тутмоқда. Мазкур қарор Пентагондаги юқори лавозимли ҳарбийлар томонидан 2025 йил апрелида тасдиқланган.
Bloomberg таъкидлашича, ушбу кескин ошириш АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан ҳаво ва ракета ҳужумларига қарши мудофаа тизимларига бўлган эҳтиёж кескин ошганини англатади. Украина бу тизимларга жиддий суянаётган мамлакатлардан бири бўлиб, у Patriot тизимлари орқали Россиянинг шаҳарларга йўналтирилган кенг кўламли ҳужумларини қайтармоқда.
АҚШ бюджети ҳужжатларига кўра, 2024 йил бошигача АҚШ 2047 та ракета харид қилган, 2024 йилда яна 230, 2025 йилда эса 214 та ракета сотиб олинган. 2026 йил учун эса 224 та янги ракета хариди учун 945,9 млн доллар сўралган. Бу маблағнинг 549,6 млн доллари асосий бюджетдан, қолган 396,3 млн доллари эса НАТОнинг Европадаги мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган «Атлантик қатъият» дастури доирасида ажратилади.
Шу билан бирга, 9 июл куни АҚШ президенти Доналд Трамп матбуот вакилларига АҚШ ҳукумати Украинага қўшимча Patriot тизимини етказиб бериш масаласини муҳокама қилаётганини маълум қилди. «Бу жуда қиммат ва ноёб тизим, лекин биз бундай сўровни кўриб чиқамиз», — деди Трамп.
Президент Украина аҳолиси Россия томонидан қаттиқ ҳужумларга учраётганини қайд этди. «Бу нафақат юксак технологияли, балки жуда қиммат тизим. Улар ўлимлар олдини олиш учун буни сўраяпти. Биз бунга муносабат билдиряпмиз», — дея сўзини якунлади Трамп.