Субсидиялар жорий йил учун белгиланган мақсадли кўрсаткичлар доирасида, олдин ажратилган маблағларнинг фойдаланилмаган қисми бўйича тақдим этилади. Аризалар 10 июл соат 09:00 дан қабул қилина бошланган.
Иштирокчи ва унинг яқин қариндошлари (аризада кўрсатилган ҳолларда) учун белгиланган даромад миқдори қуйидагича: ҳудудларда 3,1 млн сўмдан 9,2 млн сўмгача, Тошкент шаҳрида эса 10,6 млн сўмгача бўлиши керак. Ариза берувчи камида 30 балл тўплаши талаб этилади, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар эса алоҳида тартибда баҳоланади.
Шунингдек, талабгор ва унинг турмуш ўртоғи номида мамлакат бўйлаб турар жой мулк ҳуқуқи асосида расмийлаштирилмаган бўлиши лозим.
Субсидиялар орқали уй-жой олишдаги бошланғич тўлов ва фоизларнинг бир қисми бюджет ҳисобидан қопланади. Айниқса, бошланғич тўлов учун 30 млн сўм, кредит фоизининг Марказий банк ставкаси ортиғи бўйича тўловлар қопланиши белгиланган. Субсидиялар бирламчи бозордан уй-жой харид қилиш учун амал қилади.
Ягона портал орқали ариза топширишда ҳеч қандай ҳужжат талаб этилмайди — маълумотлар автоматик шакллантирилади. Жорий дастур доирасида 30 минг фуқарога субсидия ажратилиши режалаштирилган.