Жаримага тортилган Жалолиддин Аҳмадалиев, ўзбекларнинг ҳавога кетган 740 минг евроси ва кўриниш берган Сардор Умурзоқов — 10 июл дайжести

22:00 | 9 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар, ҳодисалар ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Dayjest 10

2024 йилда ўзбекистонликлар Шенген визаси учун рекорд даражада ариза топширди

2024 йилда ўзбекистонликлар томонидан Шенген визаси учун 58 691 та ариза топширилди — бу 2023 йилга нисбатан 26% кўп. Шунча аризадан 88% — яъни 51 604 таси маъқулланган. Энг кўп виза Германия томонидан берилган: 19 329 аризанинг 15 525 таси тасдиқланган. Виза аризалари бўйича Ўзбекистон дунёда 35-ўринни эгаллади. Болгария энг юқори маъқуллаш даражасини (133,4%) кўрсатган бўлса, Швейцария бирорта ҳам ариза қабул қилмаган.

Шу билан бирга, 2024 йилда аризаларнинг 32,88% рад этилган, бу 2023 йилга нисбатан 21% кўпроқ. Ўзбекистонликлар аризалар учун жами 4,7 млн евро тўлашган, шундан 740 минг евроси рад этилган аризаларга тўғри келган. 2014 йилдан бери эса Европа Иттифоқи Ўзбекистон фуқароларидан тахминан 26 млн евро йиғим олган. Бу рақамлар мамлакатда Шенген визасига бўлган талаб ортиб бораётганини кўрсатади.

 

Жалолиддин Аҳмадалиев жаримага тортилди

Фарғона вилоятининг Данғара туманида хонанда Жалолиддин Аҳмадалиев бир неча шеърдан муаллиф рухсатисиз фойдалангани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Адлия вазирлиги маълумотига кўра, у Шоҳрух Абдувоҳидовга тегишли «Юрак», «Мени деб оқарди сочларинг она», «Кўзларингни қизғанма мендан» ва «Барчасини Худога солдим» каби шеърларни шартномасиз ижодий маҳсулот сифатида ишлатган. Бу ҳолат юзасидан 177(1)-модда асосида расмий баённома тузилиб, иш судга юборилди ва натижада хонандага жарима тайинланди.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, муаллифлик ҳуқуқи бузилган тақдирда зарарни қоплаш билан бирга, ҳуқуқбузардан БҲМнинг 20 баробаригача тўлов талаб қилиниши мумкин. Адлия вазирлиги ижодкорларни муаммоли вазиятларда «1008» рақами ёки [info@adliya.uz](mailto:info@adliya.uz) манзили орқали мурожаат қилишга чақиради. Маълумот учун, бунгача хонанда Ботир Қодиров ҳам шунга ўхшаш ҳолат сабаб 132 млн сўм жаримага тортилган эди.

 

Ўзбекистонда 40-50 йиллик автомашиналар истеъмолдан чиқарилиши мумкин

Ўзбекистонда 40–50 йиллик автомашиналарни истеъмолдан чиқариш бўйича таклиф илгари сурилди. «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодировга кўра, бу масала 9 июль куни давлат раҳбари иштирокида ўтган видеоселекторда муҳокама қилинган. Қодиров ҳатто 25–30 йилдан ошган транспорт воситаларини чеклаш ғоясини ҳам қўллаб-қувватламоқда. Бироқ у аҳоли учун қулай алмаштириш механизмлари ҳам бўлиши шартлигини таъкидлади.

Йиғилишда шунингдек, «Сурункали қоидабузарлар» дастурини жорий этиш, хизмат машиналаридан шахсий мақсадда фойдаланишни чеклаш ва номуносиб парковкалар учун жазони кучайтириш таклиф қилинди. Қодиров ҳаракат тезлиги белгиланишида шароит ва вақтни инобатга олиш зарурлигини қайд этди. 2030 йилгача Тошкент, Нукус ва бошқа вилоят марказларида «Евро-5» талабига жавоб бермайдиган автомашиналарни истеъмолдан чиқариш юзасидан қонунчилик ўзгаришлари муҳокама қилинмоқда.

 

Президентнинг Чилонзорга ташрифида Сардор Умрзоқов ҳам кўриниш берди

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридан Чилонзор туманидаги саноат ҳудудига ташриф буюриб, иқтисодий фаолият ва ишлаб чиқариш лойиҳалари билан танишди. У 2023 йилда ташкил этилган 320 гектарлик кичик саноат зонасидаги инфратузилма, экспорт салоҳияти ва иш ўринларини баҳолади. Бу ердаги 531 корхонада қарийб 20 минг иш ўрни яратилган бўлиб, улар 6,8 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Йил охиригача 50 корхона 180 миллион долларлик экспорт амалга ошириши режалаштирилган. ()

Ташриф чоғида Президент “Tarleplast” корхонаси фаолиятини кўздан кечирди, у ерда Европадан келтирилган ускуналарда йилига 90 минг тонна темир қувур ва пўлат профиллар ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, истиқболдаги 100 та янги лойиҳа, 3 мингта янги иш ўрни ва мономарказ қурилиши муҳокама этилди. Бу ташрифда сўнгги икки йилда илк бор Президентнинг махсус маслаҳатчиси Сардор Умрзоқов ҳам иштирок этди.

 

Тошкентда қувур ёрилишидан 3 киши жароҳат олди

10 июл куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги Фаробий кўчасида D-800 миллиметрли иссиқлик таъминоти қувури ёрилиб, оқибатда 3 киши енгил жароҳат олди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, ушбу ҳодиса коммунал тармоқдаги иссиқ сув тизимини босим остида текшириш вақтида содир бўлган. Жароҳатланган фуқароларга ҳодиса жойида тиббий ёрдам кўрсатилган ва шифохонага мурожаат қилишга эҳтиёж туғилмаган. 

Қувур ёрилиши сабабли коммунал хизматларнинг авария-тиклаш бригадалари ҳодисанинг оқибатларини бартараф этиш ишларини олиб бормоқда. Воқеа жойига ФВБ, ССБ ва бошқа масъул идоралар жалб қилинган. Мазкур ҳодиса коммунал инфратузилмадаги режали ишларнинг хавфсизлик чораларига риоя қилинмаслиги оқибатида юзага келган ҳолат сифатида баҳоланмоқда.