Келаси мавсумда ҳам мазутдан фойдаланиш эҳтимоли бор — Иссиқликтаъминоти

10:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда 2025–2026 йилги иситиш мавсумида заруратга қараб мазутдан захира ёқилғи сифатида фойдаланилиши мумкин. Илҳом Тўраевнинг айтишича, мазут хариди режалаштирилмаган бўлиб, асосий мақсад табиий газ орқали иситишни таъминлаш ҳисобланади.

Ies

8 июл куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида «Иссиқликтаъминоти» компанияси бошқаруви раиси Илҳом Тўраев келаётган куз-қиш мавсумида ҳам мазутдан эҳтиёжга қараб фойдаланиш мумкинлигини маълум қилди. Унга кўра, бу турдаги ёқилғи ҳозирча захирада сақланмоқда ва ҳозирги пайтда уни сотиб олиш режада йўқ.

Тўраевнинг таъкидлашича, ўтган мавсумда мазут деярли ишлатилмаган. Фақатгина Нурободдаги бир ва Тошкентдаги икки қозонхонада ундан фойдаланилган. Бу йил эса мавжуд захиралар етарли ҳисобланиб, янги харидга эҳтиёж сезилмаган. Иситиш табиий газ орқали таъминланиши кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, Тўраев Ўзгидромет томонидан тақдим этилган об-ҳаво прогнози ва ўтган йилдан сақланиб қолган мазут захиралари жорий мавсум талабларини қоплаш учун етарли эканини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил феврал ойида Президент 2025 йил якунига қадар барча ҳудудларда иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқаришда мазутдан фойдаланишни тақиқлаш бўйича топшириқ берганди. Бунда фақат фавқулодда ва авария ҳолатлар бундан мустасно сифатида кўрилган.