Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, 2025 йилнинг январ–июн ойларида тез тиббий ёрдам хизматига жами 6 млн 912 мингдан ортиқ чақирув келиб тушди. Улардан 849 таси ёлғон чақирувлар деб топилган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 406 тага камайган.
Энг кўп ёлғон чақирувлар Сурхондарё вилоятида кузатилган — 177 та. Қашқадарёда 140 та ва Самарқандда 127 та ёлғон мурожаат қайд этилган. Шу билан бирга, Сирдарё вилоятида атиги 11 та шундай чақирув рўйхатга олинган бўлса, Наманганда — бирорта ҳам ёлғон чақирув бўлмаган.
Жорий йилнинг биринчи ярмида «103» хизмати томонидан амалга оширилган чақирувлардан 5 млн га яқини шошилинч ҳолатлар бўйича бажарилган. Қолганлари эса сурункали касалликлар, беморларни ташиш ва туғруқ билан боғлиқ ҳолатларга тўғри келган.
Чақирувлар сони бўйича Тошкент шаҳри 718 мингдан ортиқ мурожаат билан биринчи ўринда турибди. Фарғона, Сурхондарё, Наманган ва Андижон вилоятлари кейинги ўринларда қайд этилган. Энг кам чақирув эса Навоий, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида кузатилди.
Жорий йил июл ойининг илк ҳафтасида кузатилган кучли иссиқлар пайтида мамлакат бўйлаб 247 мингдан зиёд чақирув қайд этилган. Бундай ҳолатларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа ташкилотлар аҳолини эҳтиёткорликка чақириб, профилактик тавсиялар бериб борди.