2023 йил 30 ноябр куни Олмаотадаги ҳостелда содир бўлган ва 13 инсон ҳаётига зомин бўлган ёнғин иши юзасидан Қозоғистон суди 10 июл куни ҳукм эълон қилди. Алмалин туман суди ҳостел раҳбари Адилбек Мухамедяров ва ёнғин сигнализацияси учун масъул Александр Пекелникни айбдор деб топди.
Мухамедяров ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиб, эҳтиётсизлик ортидан икки ва ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабабчи бўлганликда айбдор деб топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. У тергов даврида бир ярим йил давомида қамоқда ва уй қамоғида сақланган — бу муддат ҳукмда ҳисобга олинди.
Сигнализация ўрнатиш ишларини назорат қилмаган ва сифатсиз қурилмалардан фойдаланган Александр Пекелник эса 4 йилга қамалди. Суд аниқлашича, ўрнатилган ёнғин огоҳлантириш тизими талаб даражасида ишламаган ва ҳодисадаги ҳалокатни олдини олиш имкони бўлмаган.
Ҳостелда ёнғин содир бўлган пайтда 72 киши бўлган, улардан 59 нафари воқеа жойидан мустақил равишда чиқиб кета олган. Қурбонлар орасида икки нафар Ўзбекистон фуқароси — 2000 йилда туғилган Н.А. ва С.К. борлиги расман тасдиқланган.
Марҳумларнинг қариндошлари ва жабрланувчилар таъкидлашича, ҳостел фаолияти бошланишига бор-йўғи бир ярим ой бўлган, аммо хавфсизлик талабларига мутлақо риоя қилинмаган.