8 июл куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Франция ҳукуматлари ўртасида тузилган реадмиссия шартномасини ратификация қилиш тўғрисида қарор имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. Ҳужжат 2024 йил 12 март куни Парижда Ўзбекистон Президентининг Францияга расмий ташрифи давомида имзоланган эди.
Реадмиссия — бу бир давлат ҳудудига ноқонуний равишда кирган ёки қонуний бўлмаган ҳолда яшаб турган шахсларни мазкур давлатнинг ваколатли органлари томонидан келишув асосида келиб чиққан мамлакатига қайтариш тартиби ҳисобланади. Бу жараён депортация ва экстрадициядан фарқ қилади.
Ўзбекистон аввал ҳам Чехия, Эстония, Россия ва Қозоғистон каби давлатлар билан шунга ўхшаш келишувлар имзолаган. 2024 йилда Германия билан ҳам шунга ўхшаш шартнома тайёрланаётгани маълум қилинган эди.
Шунингдек, 1 сентябрдан бошлаб, реадмиссия қилинган Ўзбекистон фуқаролари учун икки йил давомида хорижий паспорт бериш чекланиши белгиланган. Бу ўз навбатида ноқонуний миграцияни камайтириш ва тартибни мустаҳкамлашга қаратилган чора ҳисобланади.