Ўзбекистонда ишлаб турган 40–50 йиллик автотранспорт воситаларини босқичма-босқич истеъмолдан чиқариш таклифи билдирилди. Бу ҳақда «Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 9 июль куни давлат раҳбари иштирокида ўтган видеоселектор йиғилишида бир қатор таклифлар муҳокама қилинди. Қодиров бу ташаббусни тўғри деб баҳолаб, ҳатто автотранспорт учун 25–30 йиллик чекловни жорий этишни ҳам инкор этмади. Бироқ, бу каби чоралар амалга оширилишида аҳолига қулай ва таъсирли алмаштириш механизмлари ҳам таклиф этилиши кераклигини таъкидлади.
Йиғилишда автоҳуқуқбузарликларга қарши “Сурункали қоидабузарлар” дастурини жорий этиш, давлат хизмат машинасига шахсий мақсадда фойдаланишни чеклаш, номуносиб «парковка» ҳолатлари учун жазо кучайтирилиши айтилди.
Қодиров ўз фикрича, айрим ҳолатларда ҳаракат тезлиги белгиланганда шароит, жой ва вақт ҳисобга олиниши кераклигини қайд этди. Шунингдек, у ИИВ тизимидаги кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш бўйича ҳам таклифлар берди. Унинг таъкидлашича, фақат билимли ва жамиятга намуна бўла оладиган мутахассислар полиция сафида ишлаши керак.
Фракция раҳбарининг маълум қилишича, 2030 йилгача Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида «Евро-5» ва ундан юқори стандартга жавоб бермайдиган автомашиналарни истеъмолдан чиқариш бўйича қонунчилик ўзгаришлари муҳокама қилинмоқда.