Ўзбекистонда эрта никоҳлар учун жазо кучайтириш режалаштирилмоқда

18:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев эрта турмуш қуриш ҳолатларини чеклаш мақсадида жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Бу ташаббус орқали болаларнинг ҳуқуқлари ва келажаги ҳимоя қилиниши кўзланмоқда.

Marriage eraly

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Муродбек Маҳмудовнинг маълум қилишича, президент эрта никоҳ ва ундан келиб чиқадиган салбий оқибатларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш ҳақида кўрсатма берган. Бу ҳақда у «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

Маълумотларга кўра, ҳозирда амалдаги қонунчиликда никоҳ ёшига етмаган шахслар билан ҳақиқий никоҳ муносабатларига киришиш ҳамда уларни турмушга узатиш учун жавобгарлик белгиланган. Маъмурий жазо сифатида БҲМнинг 5−15 баравари миқдорида жарима солинади.

Жиноий жавобгарлик эса маъмурий чора кўрилгандан кейин бошланади. Унга кўра, бундай ҳолатлар учун БҲМнинг 20−50 бараваригача жарима, 240 соатгача жамоат ишлари ёки 1−2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари кўрилади.

Тақдимот давомида эрта туғруқ масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу ҳолат оиладаги зўравонлик, соғлиқ муаммолари ва таълим имкониятларининг йўқолишига олиб келиши таъкидланди.

Янги қонун лойиҳаси мазкур муаммога чек қўйиш, ота-оналар ва жамият масъулиятини ошириш ҳамда болаларнинг ҳуқуқларини қонунан муҳофаза қилишга қаратилган.