Ўзбекистонда фуқаролар орасида кредит олиш ҳолатларининг ортиши: сабаблар, хавфлар, ечим ва таклифлар

15:00 | 21 дақиқада ўқилади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кредитлаш ҳажмининг жадал ортаётгани кузатилмоқда. Бу ҳолат 2025 йил июл ойи ҳолатига Марказий Банкнинг расмий ҳисоботларида ҳам ўз аксини топган. Айниқса, истеъмол кредитлари, ипотека ва микроқарзлар сегментларида кескин ўсиш мавжуд.

Istemol krediti

Снимок экрана 2025 07 10 в 11.55.26

2025 йил июль ойи якунларига кўра, умумий кредит портфели ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23 фоизга ошган бўлиб, бу ўсиш суръати охирги беш йилдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири саналади. Истеъмол кредитлари 34 фоиз, ипотека кредитлари 19 фоиз, микроқарзлар эса 41 фоиз га ортгани аҳолининг кредитга мурожаат қилишида янги босқич бошланганини кўрсатади. Бу рақамлар ортида эса мураккаб иқтисодий, ижтимоий ва молиявий омиллар  ётибди.

Снимок экрана 2025 07 10 в 11.57.00

Марказий Банкнинг сўнгги, 2025 йил 7 июль ҳолатига кўра қилган ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда автокредитларнинг ўртача фоиз ставкаси 24,2 фоизни ташкил қилади. Энг кам фоиз ставкалари Ипотека банк (21), ОФБ(21,2),НБУ (23,3) да кузатилса, Ҳамкор банк (29,2), Мадад Инвест (28) банк ҳамда Инфинбанк (28) да энг юқори фоиз ставкалари мавжуд.

Снимок экрана 2025 07 10 в 11.58.23

Марказий банк тақдим этган статистикаларга кўра, аҳоли орасида микроқарз олиш фоизи ошиб бормоқда. 2025 йил июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда микроқарзларнинг ўртача фоиз ставкаси 35,4 фоизни ташкил қилади. Энг кам фоиз ставкалари Алоқабанк (21,5 ), Ҳаётбанк (25) ва Инфинбанкка (25,6), энг юқориси Аpex bank (40,6), TBC банк (39,7), Tenge банкка (39,5)  тегишлидир.

 

Кредитлаш ўсишининг асосий сабаблари

I. Иқтисодий фаоллик ва ички истеъмолнинг ортиши

Кредитлаш ҳажмининг ортишига сабаб бўлувчи асосий омиллардан бири мамлакатда макроиқтисодий ўсиш суръатларининг барқарорлигидир. Жаҳон банкининг 2025 йил баҳорий ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда 2024 йилда ЯИМ 6 фоизга, 2025 йил I чоракда эса 6.8 фоизга ошган. Бу ўсиш, аввало, истеъмол даражасининг кўтарилишига олиб келмоқда. Аҳоли сонининг ортиб бораётгани (2025 йил ҳолатига 38 миллионга яқин) ва урбанизация жараёнлари кредитлашга бўлган талабни кучайтирмоқда.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг фикрича, Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш «нафақат давлат инвестицияларига, балки хусусий истеъмолнинг кенгайишига ҳам таянмоқда». Бу дегани, одамлар кўпроқ харажат қилмоқда, айни пайтда уларни молиялаштириш учун кредитга мурожаат қилмоқда.

 

II. Фоиз ставкалари ва монетар сиёсат таъсири

Марказий Банк 2025 йил июль ҳолатида асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақламоқда. Бу инфляция даражаси (8,7 фоиз) билан солиштирилганда, реал фоиз ставкалари оддий фуқаролар учун бўлиб қолмоқда. Банклар бу шароитда истеъмол кредитлари ва микроқарзларни фаол таклиф қила бошлади.

«Банк тизимидаги ликвидликнинг етарли даражада бўлиши, барқарор фоиз сиёсати ҳамда аҳолининг ортиб бораётган эҳтиёжлари кредит портфелининг кенгайишига олиб келди», — деган эди Марказий Банкнинг собиқ раиси Мамаризо Нурмуратов бу борада.

Марказий Банкнинг 2025-йил биринчи ярмига оид статистик ахборотига кўра, тижорат банклари томонидан берилган кредитларнинг 60 фоиздан ортиғи айнан жисмоний шахслар улушига тўғри келмоқда.

III. Банк секторидаги рақамли ислоҳотлар ва рақобат

2023–2025 -йилларда банк тизимида рақамлаштириш суръатлари сезиларли даражада ошди. Мобил иловалар орқали онлайн кредит олиш имкониятлари кенгайди. Масалан, «Ипотека-банк», «Ҳамкорбанк» ва «Анорбанк» сингари банклар мижозларга 15 дақиқада истеъмол кредитини тасдиқлаш имконини берувчи хизматларни жорий қилди.

Аммо фақат макроиқтисодий барқарорлик эмас, балки маданий ва ижтимоий омиллар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги кунда кредит олиш фақат иқтисодий зарурат эмас, балки кўплаб ёшлар учун «нормал ҳаётнинг бир қисми» сифатида қабул қилинмоқда. Одамлар нафақат зарур маҳсулотларни, балки статус тимсолларини – смартфонлар, автомобиллар, «брендли» маҳсулотларни ҳам кредит эвазига олишга интилмоқда. Бу эса молиявий саводхонлик даражасининг пастлиги ва қарз олишга масъулиятсизлик билан қаралаётган ҳолатлар билан уйғунлашмоқда.

 

Кредитлашнинг ортиши ортидаги хавфлар

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аҳоли ва бизнес субъектлари орасида кредит олиш ҳолатлари кескин кўпайди. 2025 йил июль ҳолатига кўра, Марказий Банк маълумотларида умумий кредит портфели 566 триллион сўмдан ошган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 23 фоизлик ўсишни aнглатади.

 

I.Муаммоли кредитлар сонининг кўпайиши

Кредитлашнинг ўсиши билан бирга уларни қайтаришдаги муаммолар ҳам ортмоқда. Марказий Банкнинг 2025 йил биринчи ярим йиллиги бўйича ҳисоботида таъкидланишича:

2021 йилдан 2025 йилга қадар Ўзбекистонда муаммоли кредитлар (NPL – non pergoming loans) ҳажми босқичма-босқич ортиб борди ва банк секторида долзарб муаммо сифатида юзага чиқди.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2020 йил якунида мамлакатда муаммоли кредитлар жами 5,8 трлн сўм бўлган. 2021 йил охирига келиб, бу миқдор деярли уч баробарга — 17 трлн сўмгача ошган. Кейинги ўсиш тўлқини 2024 йилга тўғри келган. Ўтган йилнинг 1 январида муддати ўтган кредитлар 16,6 трлн сўм эди. Бир ой ичида мазкур кўрсаткич 20 тлрн сўмгача чиққан, май ойи аввалида эса 23,3 трлн сўмгача ўсган.

2024 йилда иқтисодиётга ажратилган жами кредитлар 2023 йилдагига нисбатан 14,3 фоизга ошиб, 287 трлн сўмни ташкил этган. Натижада умумий кредит қўйилмалар қолдиғи 533,1 трлн сўмга (41 млрд доллар) етди. Бунинг 366,7 тлрн сўми (28,2 млрд доллар) давлат банкларига тегишли. Умумий қарзлардан муаммоли кредитлар улуши 21,2 трлн сўмни (1,6 млрд доллардан ортиқ) ташкил этди (бир йилда 4,5 тлрн сўмга кўпайди). Шундан 14,3 трлн сўми давлат улуши мавжуд банклар, 6,8 трлн сўми бошқалари томонидан ажратилган.

Снимок экрана 2025 07 10 в 11.59.41

Умуман олганда, давлат банкларининг барчасида муддати ўтган кредитлар мавжуд. Улар орасида энг йирик миқдор “Ўзмиллийбанк”да — 3,3 трлн сўм. Шу қаторда “Агробанк” (2,9 трлн сўм), “Бизнесни ривожлантириш банки” (1,9 трлн сўм) ва “Ўзсаноатқурилишбанк” (1,8 трлн сўм) ажратган кредитларда муаммолилари улуши юқори.

Қолган давлат банклардаги ўз вақтида қайтарилмаган кредитлар миқдори қуйидагича:

  • Асака банк — 1,7 трлн сўм;
  • Халқ банки — 1,2 трлн сўм;
  • Микрокредитбанк — 804 млрд сўм;
  • Алоқа банк — 242 млрд сўм;
  • Турон банк — 354 млрд сўм.

Шунингдек, муаммоли кредитлар сонининг ошишига Ўзбекистонда юқори фоиз ставкалари ҳам бўлмоқда. The Global Economy журналининг Жаҳон банки берган берган ҳисоботлари аосида тайёрлаган мақоласига кўра, Ўзбекистон фоиз ставкаларининг юқорилиги бўйича 109 давлатдан 6-ўринни эгаллаган.

 

Нима сабабдан кредит фоизлари Ўзбекистонда юқори?

Иқтисод фанлари доктори, профессор Тўлқин Бобоқуловнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда кредит фоизлари юқори эканига инфляциядан ташқари яна бир қанча муҳим омиллар сабаб бўлмоқда.

«Ҳақиқатдан ҳам, Ўзбекистонда кредит фоизлари жуда юқори. Бунинг биринчи сабаби – бу инфлация даражасининг баландлиги. Инфлация даражаси баланд бўлган шароитда тижорат банклари паст фоизли кредит бера олмайди. 

Иккинчи сабаб – Ўзбекистон банкларида арзон ресурс йўқлиги. Иқтисодиётда қимматчилик. Битта арзон ресурс бу имтиёзли кредит. Уни давлат беради. 

Учинчи сабаб – риск юқори. Қанчадан қанча имтиёзли кредитлар берилди. Буларни банклар қайтара олгани йўқ. Бунинг ортидан жуда катта қарздорлик юзага келди. 

Тўртинчидан – валюта риски», дейди иқтисодчи

Fitch Ratings 2025 йил апрель ойидаги ҳисоботида шундай огоҳлантиради:

«Чакана кредитларнинг ўсиши тез суръатларда амалга ошди, аммо банкларнинг рискларни бошқариш амалиёти устида ишланмади. Биз кам таъминланган қарз олувчилар орасида тўлай олмаслик натижасида стресс белгилари кучайиб бораётганини кўрмоқдамиз».

Бу дегани, банклар кредит таклифини кенгайтирди, аммо уларнинг рискларни баҳолаш механизмлари ҳали етарлича кучли эмас.

 

II.Ортиқча қарздорлик ва даромадга нисбатан юклама

«Ўзбекистонда кўплаб фуқаролар бир вақтнинг ўзида 2–3 кредит тўлайди. Аксарият ҳолларда кредитлар даромадларининг 50–60 фоизини ютиб юборади», дейди иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов.

Марказий Банк 2024 йил охирида кредит юкламаси (debt service to income ratio — DSTI) кўрсаткичларини тартибга солиш бўйича тавсиялар берган. Аммо амалда бундай ҳолатлар кенг тарқалган. Айрим банклар фоиз ставкаларини паст кўрсатиш ёки муддати тугаган кредитларни янги кредит билан ёпиш каби рискли амалиётларни қўлл

 

III. Микроқарзлар бўйича регуляция заифлиги

Микромолиявий ташкилотлар томонидан берилаётган қарзлар сони ва ҳажми ҳам ортмоқда. Бу ташкилотлар одатда юқори фоизли кредитлар таклиф қилади — йиллик фоиз ставкаси айрим ҳолларда 35–40 фоизгача етади. Банкдан рад этилган мижозлар айнан шу каналлар орқали қарз олишга мажбур бўлмоқда.

2025 йил май ҳолатига кўра:

  • Микроқарзларнинг 17 фоиздан ортиғи 60 кунлик тўлов кечикиши ҳолатида.
  • Айрим ҳудудларда (масалан, Фарғона ва Андижон вилоятларида) микроқарзлар бўйича кечиктирилган тўловлар 20 фоизга яқинлашмоқда.

 

IV. Молиявий саводхонлик пастлиги ва кредит маданияти

Экспертлар таъкидлайдики, аҳолининг молиявий саводхонлиги ҳануз етарли эмас. Кўпчилик фуқаролар кредит шартномаларини тўлиқ ўқимасдан имзолайди, фоиз ставкаси ва жарималар ҳақида маълумотга эга эмас. Молиявий саводхонликни ошириш бўйича давлат дастурлари мавжуд бўлса-да, уларнинг таъсир доираси чекланган.

Иқтисодчи Дилшод Каримов буни қуйидагича изоҳлайди:

«Кредит олиш маданияти шаклланмаган жамиятда ўсиш кўрсаткичлари қисқа муддатда ижобий кўринса-да, узоқ муддатда қарздорлик инқирозига олиб келиши мумкин».

 

Ечим ва таклифлар

Иқтисодчилар муаммоли кредитлар миқдори ортиб кетмаслиги учун қатор ечимлар таклиф қилиб келади. Масалан, иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, муаммоли кредитларни қисқартириш йўлидаги асосий чора — гаровга қўйилган мулкларни тез сотиш ва қарзни ундиришдир.

«Суд жараёни, гаров ва мулк реализацияси 12–18 ой эмас, 1–3 ойгача қисқариши керак. Деярли барча йирик ёмон қарздорлар ва ёмон лойиҳалар давлатнинг маъмурий аралашуви билан молиялаштирилган ёки чиновниклар ва уларнинг шериклари манфаатларига бориб тақалади. Улар учун гаровнинг ундирилиши ва талабларнинг қаноатлантирилиши қанча узоқ давом этса ва амалда имконсиз бўлса, шунча яхши.

Чунки сўндирилмаётган кредитнинг қадрсизланиши доимий равишда ва тезроқ давом этади. Гаровнинг нархи эса Ўзбекистон шароитида фақат ўсиб боради. Ҳеч бўлмаганда гаровга етиб боролмаган кредиторлар қайта молиялаштиришга рози бўлишда ва ҳатто қўшимча молиялаштиришга ҳам кўнишади», деб ёзади иқтисодчи.

Таҳлилларга кўра, мижозни пухта ўрганиш, унинг қарзни қайтариш имкониятларини тўлиқ ва тўғри баҳолаш муҳим. Яʼни банкларда скоринг тизими яхши йўлга қўйилиши зарур. Бу борада халқаро тажриба етарли. Фақат улардан фойдаланиш, амалиётда қўллаш масаласи бор.

«АҚШнинг «G.P. Morgan» банки ҳатто Facebook орқали ҳам мижозлар ҳақида маълумотлар олади. Агар сиз бирор постга етти марта лайк босган бўлсангиз, қанақа одамлигингиз тўғрисида портретингиз чизиб қўйилади. Facebook у маълумотларни «G.P. Morgan»га сотади. Шунинг учун сиз кредит сўрасангиз, банк сизни яхши билгани учун «ҳа» ёки «йўқ» дея бир дақиқада жавоб қайтаради. Автоматик маълумот олиб, ишни ҳал қилади.

Биз ҳам шу даражадаги скоринг тизимларини яратишимиз керак. Шунда муаммоли кредитлар камаяди. Замонавий молиявий технологияларни кўпроқ қўллаш зарур. Бизда давлатнинг имтиёзли кредитлаши банклар бўйнига қўйилади. Бу ҳам хато. Муаммоли кредитни банклар фойдасидан тўламаслиги керак», дея таъкидлайди Фозил Додиев.

2024 йилда Ўзбекистонда кредитларни тўғри йўналтириш мақсадида «маҳалла банкири» лавозими йўлга қўйилди. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, мамлакатдаги ҳар тўрт маҳаллага бир нафардан «маҳалла банкири» бириктирилган. Ҳозирда республикада 2500 га яқин «маҳалла банкири» фаолияти йўлга қўйилди. Албатта, янги тизим қандай натижа беришини вақт кўрсатади.

Хулоса қилиб айтганда, муаммоли кредитлар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Кредитлаш тизимидаги бу муаммоларга ечим топиш эса мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги учун жуда муҳим.

Меҳриноза Фармонова тайёрлади.