1 майдан бошлаб Ўзбекистонда хориждан олиб кириладиган товарлар учун божсиз чегара миқдори кескин камайтирилди. Энди ҳаво транспорти орқали олиб келинадиган товарлар учун ушбу чегара 2 000 доллардан 1 000 долларгача туширилди. Бу қарор айниқса оммабоп смартфонлар, хусусан iPhone нархларига таъсир кўрсатди.
Айни пайтда Тошкентдаги Малика бозорида iPhone 16 Pro Max 256 ГБ версиясининг нархи 1 360 доллардан 1 400 долларгача кўтарилди. Бундан аввал, божсиз чегара юқори бўлган вақтда ушбу модел 1 200 доллар атрофида сотиларди.
Бозор иштирокчилари фикрига кўра, божхона тартибининг ўзгариши фақат расмий дўконлар эмас, балки эркин бозордаги сотувчилар фаолиятига ҳам таъсир этмоқда. Йирик дўконлар ҚҚС ва божларни тўлашига қарамай, бозордаги сотувчилар бу тўловлардан қочиб келаётганди. Энди эса янги тартиб нархлар орасидаги фарқни қисқартириб қўйди.
Шу билан бирга, баъзи харидорлар янги тартибдан норози. Улар мамлакатга фақат шахсий фойдаланиш ёки совға сифатида iPhone олиб кираётганини таъкидлаб, бу ҳолат ўзларига салбий таъсир қилганини билдиришмоқда.
Янги чегара тартиби расман солиқ тушумларини ошириш мақсадини кўзласа-да, амалда бозорда маҳсулот нархларининг кўтарилишига ва рақобат муҳитининг ўзгаришига олиб келмоқда.