Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотига кўра, ҳозирда мамлакатда ногиронлиги бор фуқаролар аҳолининг 2,7 фоизини ташкил этмоқда. Мазкур соҳага оид қонунчиликни ривожлантириш мақсадида 60 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, улардан 18 таси айнан ногиронларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Агентлик ногиронликни баҳолашда янги тартиб — кундалик фаоллик ва жамиятдаги иштирок даражаси асосидаги функсионал ёндашувни жорий этди. Мазкур баҳолаш усули орқали 32 036 нафар шахс баҳоланиб, натижалар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимига киритилди.
Шу билан бирга, Тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиялари (TIEK) тизими қайта кўриб чиқилди. Вилоятлардаги 33 та ихтисослаштирилган комиссия тугатилиб, туман ва шаҳар даражасидаги TIEKлар орқали ногиронликни белгилаш амалиёти йўлга қўйилди. Барча комиссияларга педиатр шифокорлар штатлари ҳам киритилди.
Эндиликда фуқарони комиссия кўригига чақирмасдан ногиронликни белгилаш мумкин бўлган касалликлар сони 39 тадан 48 тагача кенгайтирилди. Бу эса 463 нафар шахсни комиссияга боришдан озод этиш имконини берди ҳамда масофавий тартибда ногиронлик белгиланди.