Урал савдо-саноат палатаси раҳбари Андрей Беседин EАНга берган интервюсида малакали кадрлар етишмаслиги сабабли йил охиригача Россияга Ҳиндистондан 1 миллион муҳожир келишини айтган эди. Россия Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати бу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда РБК хабар бермоқда.
Меҳнат вазирлигига кўра, Ҳиндистон каби «виза талаб қилинадиган» мамлакатлардан ишчилар квоталаш механизми орқали жалб этилади ва квоталар бир йил олдиндан шакллантирилади. Квоталар ҳажми иш берувчиларнинг эҳтиёжига асосан ҳудудлар сўровига кўра, кадрлар етишмовчилиги тасдиқланган ҳолларда белгиланади. Ҳудудларнинг таклифлари идоралараро комиссия томонидан кўриб чиқилиб, ҳукумат томонидан тасдиқланади.
«Квота доирасида виза талаб қилинадиган мамлакатлардан таклиф этилган ҳар бир мутахассис иш визаси ва ишлаш учун рухсатномани расмийлаштиради. Компания эса виза талаб қилинадиган ходимни ишга олишдан аввал ИИВда бундай ходимларни жалб этиш учун рухсатномани расмийлаштиради», — дея таъкидлади Меҳнат вазирлиги.
Вазирлик маълум қилишича, 2025 йилда Россияда чет эллик ишчиларни жалб этиш учун умумий квота 234,9 минг кишини, Ҳиндистон фуқаролари учун эсsgа 71 817 кишини ташкил этади. Айнан Свердловск области учун квота барча виза талаб қилинадиган мамлакатлардан келган ишчилар учун 4343 кишини ташкил этади. Вазирлик маълумотларига кўра, 9 июл ҳолатига кўра, бу квотанинг 13,6 фоизи ишлатилган.