Жонс Хопкинс университети олимларининг маълум қилишича, жарроҳлик соҳасида катта ютуққа эришилди: сунъий интеллект бошқарадиган тажрибавий робот ўт пуфагини олиб ташлаш операциясининг мураккаб босқичини мустақил равишда бажарган. Бу ҳақда «Коммерсант» нашрида хабар берилди.
Ушбу мураккаб жарроҳлик амалиётини робот инсон аралашувисиз биринчи марта амалга оширган.
Жарроҳлар бошқарадиган мавжуд роботлардан фарқли ўлароқ, янги тизим реал вақт режимида қарор қабул қилиш учун сунъий интеллектдан фойдаланади ва операция жараёнида кутилмаган асоратларга мослаша олади. Лойиҳа раҳбари профессор Аксел Кригернинг таъкидлашича, қурилма беморнинг ўзгарувчан анатомияси шароитида ҳам инсон қўли билан таққосланадиган аниқлик ва барқарорликни намойиш этган.
Олимларнинг айтишича, бу ютуқ оддий операцияларни автоматлаштириш, шифокорлар иш юкини камайтириш ва юқори технологияли жарроҳлик ёрдамидан фойдаланиш имкониятини оширишга йўл очади. Ишлаб чиқувчилар таъкидлашича, технология ҳозирча синов босқичида бўлиб, оммавий қўллашга тайёр эмас, аммо ривожланиш учун улкан имкониятлар мавжуд.