Тўқаев Трампга жавоб хати ёзди

19:21 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ Қозоғистондан келаётган товарларга 25 фоизлик бож жорий этиш ниятида. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев бу қарорга жавобан Доналд Трампга мактуб йўллади.

Tokaev trump

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев АҚШ президенти Доналд Трампга Қозоғистон товарларига жорий этиладиган 25 фоизлик божлар юзасидан жавоб мактуби йўллади. Бу ҳақда Оқўрда хабар берди.

Оқўрда маълумотларига кўра, давлат раҳбари Қозоғистоннинг АҚШнинг кўп йиллик савдо ва инвестиция ҳамкори сифатида адолатли, барқарор ва ўзаро манфаатли савдо алоқаларини ривожлантиришга содиқ эканини таъкидлаган.

«Қозоғистон Президенти мамлакатимизнинг савдо масалаларини оқилона ҳал этиш мақсадида конструктив мулоқотни давом эттиришга тайёрлигини билдирди. Қосим-Жўмарт Тўқаев савдо муаммоси юзасидан келишувга эришилишига ишонч билдирди», — дейилади хабарда.

АҚШнинг Қозоғистонга нисбатан 25 фоизлик ўзаро савдо божларини жорий этиши ҳақидаги хабар Доналд Трампнинг ижтимоий тармоқлардаги эълони асосида тарқалган.

Маълумот учун, 7 июл куни Доналд Трамп бир қатор давлатлар раҳбарларига 1 августдан бошлаб янги божлар жорий этилиши ҳақида расмий мактуб йўллаган эди. Шу мактублардан бири Қосим-Жўмарт Тўқаев номига ҳам юборилган бўлиб, унда Қозоғистон маҳсулотларига 25 фоизлик импорт божлари жорий қилиниши тилга олинган.

Қозоғистон Савдо вазирлиги Трампнинг қароридан сўнг Оқ уйга расмий таклифлар юборганини маълум қилди. Вазирликнинг билдиришича, янги божлар Қозоғистоннинг АҚШга экспортининг 95 фоизига таъсир қилмайди. Нефт, уран, кумуш, ферроқотишмалар, тантал ва титан каби асосий экспорт товарлари ушбу божлар рўйхатига кирмаган.