Тўрт миллиардер ярим Африка аҳолисидан бойроқ. Демократия кимнинг хизматида?

20:20 | 4 дақиқада ўқилади.

Oxfam’нинг янги ҳисоботига кўра, Африканинг тўрт нафар энг бой шахси 57,4 миллиард долларлик бойликка эга бўлиб, қитъа аҳолисининг ярмидан кўра кўпроқ молиявий имкониятга эга. Бу тенгсизлик демократия ривожига тўсқинлик қилмоқда, дейилади ҳисоботда.

African

Oxfam ташкилоти эълон қилган ҳисоботга кўра, Африканинг тўрт нафар миллиардери 750 миллионлик аҳолининг ярмига тенг бойликка эга. Улар қўл остидан жами 57,4 миллиард доллар маблағни бошқаради. Бу муаммо Африкада ўсиб бораётган ижтимоий тенгсизликнинг ёрқин кўрсаткичи сифатида баҳоланмоқда.

2000 йилда Африкада бирорта ҳам миллиардер бўлмаган. Бугунга келиб эса 23 нафар миллиардернинг жами бойлиги 112,6 миллиард долларга етган. Улар сўнгги беш йил ичида ўз бойлигини 56 фоизга оширишга муваффақ бўлган. Африка аҳолисининг 5 фоизи қитъа бойлигининг 4 триллион долларини назорат қилмоқда — бу қолган аҳолининг умумий бойлигидан икки баробар кўп.

Ҳисоботда қайд этилишича, дунёдаги энг нотенг 50 давлатдан ярми Африкада жойлашган. Африкада бойлар учун солиқ сиёсати енгил ва адолатсиз шакллангани, прогрессив солиқлардан етарлича фойдаланилмаётгани танқид қилинган.

Aгар қитъадаги энг бой 1 фоиз аҳолига 1 фоиз бойлик солиғи ва 10 фоиз даромад солиғи қўлланилса, йилига 66 миллиард доллар йиғилиши мумкин. Бу маблағ Африкадаги барча болалар учун бепул таълим ва барча аҳоли учун электр таъминотини молиялаштиришга етарли бўлади.

Бундан ташқари, ҳар йили қитъадан 88,6 миллиард доллар ноқонуний молиявий оқимлар орқали йўқолиб кетмоқда. Бу ҳам ресурслар ноқонуний йўллар билан бойлар қўлида жамланишини кўрсатади.

Энг бой африкаликлар рўйхатида Нигериялик Алико Данготе ($23,3 млрд), Жанубий Африкадан Йохан Руперт ва Ники Оппенгеймер, шунингдек, Мисрлик Нассеф Савирис каби миллиардерлар бор.

Oxfam таъкидлашича, тенгсизлик фақат иқтисодий эмас, балки сиёсий тизимга ҳам таъсир қилмоқда. Қимматбаҳо сайлов харажатлари ва овоз сотиб олиш ҳолатлари, айниқса Нигерия каби давлатларда демократия имкониятларини чеклаб қўймоқда.