«Тошкент шаҳрига 8 миллиард доллар инвестиция олиб келяпмиз» — Президент

20:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 10 июль куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги Янги Камолон маҳалласига борди. Маҳаллада Президентга Шайхонтоҳур тумани «Ислоҳотлар штаби» фаолияти тўғрисида ахборот берилди.

Prezident

«Шайхонтоҳурда ҳунармандчилик азалдан бўлган. Бугун ҳам туманда одамларни иш билан, даромад билан таъминлашда бу катта манба. Шунинг учун Шайхонтоҳур мисолида хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича янги чора-тадбирлар режасини қабул қиламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, Янги Камолон маҳалласида 4600 дан зиёд аҳоли яшайди. 60 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида маҳалла ёшлари иш билан банд. 2025 йилда ҳунармандлар маскани, дала маҳсулотлари ва қандолатчилик дўконлари, новвойхона ташкил этилган, хусусий тиббиёт пункти очилган. Натижада маҳалла ишсизликдан холи ҳудудга айланган.

Президент матбуот хизматига кўра, жорий йилда маҳаллада биронта ҳам жиноят содир этилмаган. Сабаби аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш мақсадида маҳалла инспектори хонасида ситуацион марказ ташкил этилган. Унга кўп қаватли уйларнинг йўлакларидаги кузатув камералари ва ички ишлар тизимининг хавфсизлик дастурлари боғланган.

Маҳалла айвонида аҳоли билан суҳбатлашган давлат раҳбари шундай деди:

«Сўнгги йилларда кўп корхоналар очилди, иқтисодиёт ўсяпти. Шу билан бирга, ёшларимиз ҳам етишиб келяпти. Уларнинг таълим-тарбияси, соғлиги, иш ўринларини ҳозирдан ўйлашимиз керак. Шунинг учун бу йил Тошкент шаҳрига 8 миллиард доллар инвестиция олиб келяпмиз. Бунинг ҳисобидан Шайхонтоҳурда ҳам янги-янги иш жойлари, таълим масканлари, инфратузилма иншоотлари бўлади», — деди Президент.