«Ечимлар атласи» Тошкентнинг 2045 йилгача мўлжалланган бош режасининг мантиқий давоми ҳисобланади. Унда шаҳар кўчалари, биноларнинг фасади ва атроф муҳитни ягона меъморий услубда ривожлантириш бўйича умумий қоидалар белгиланган. Ҳужжат тўплами бешта алоҳида китобдан иборат бўлиб, қурилиш, лойиҳа ва фойдаланиш жараёнларидаги талабларни қамраб олади.
Тақдимот чоғида «бинодан биногача» тамойилини қўллаш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Бу усул орқали йўллар фақат ҳаракат қисми билан эмас, балки атрофи билан бирга яхлит ва тартибли ҳолда қайта қурилади. Натижада шаҳарнинг кўчалари нафақат қулай, балки эстетик жиҳатдан ҳам тартибли кўриниш касб этади.
Лойиҳа доирасида миллий услубни сақлаган ҳолда экологик барқарорликни таъминловчи ечимларга устувор аҳамият берилади. Янги атлас шаҳарсозликда хато ва беқарор ечимларнинг олдини олишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Бу ташаббус Тошкент ва Янги Тошкентни нафақат ҳудудий, балки маданий ва экологик жиҳатдан ҳам янада жозибадор ва яшаш учун қулай шаҳарга айлантиришга қаратилган.