Тошкентда 26 та кўча туну-кун ишлайдиган масканга айлантирилади

17:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги саноат ва туризм салоҳиятини баҳолар экан, 26 та кўчани туну-кун ишлайдиган гавжум масканга айлантириш режасини маълум қилди. Бу ташаббус савдо, хизмат кўрсатиш ва гастротуризм соҳасини ривожлантиришни кўзлайди.

Tashkent street

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Шайхонтоҳур ва Чилонзор туманларига амалга оширган ташрифи чоғида қурилиш ишлари, аҳолининг яшаш шароитлари ҳамда саноат корхоналари фаолияти билан танишди. Бу туманларни боғлаб турувчи Бунёдкор кўчаси туристик ва хизмат кўрсатиш марказига айлантирилиши назарда тутилмоқда.

Бунёдкор кўчасининг 1,5 км қисми гастротуризм ва туну-кун ишлайдиган хизмат кўрсатиш ҳудудига айлантирилди. Бу ерда 90 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда, шундан 45 таси янгидан ташкил этилган. Ташаббус туфайли 500 нафар инсон доимий иш ўрнига эга бўлди. Ҳозирда бу ҳудудга йилига 255 минг меҳмон ташриф буюрмоқда. Янги инфратузилма ва имкониятлар орқали бу кўрсаткични 1 миллионга етказиш режалаштирилмоқда.

Давлат раҳбари ушбу кўчаларни пойтахт туризм ҳалқасига улаш орқали гастрономик ва маданий туризмни жонлантириш мақсадида қўшимча чора-тадбирлар белгилаб ўтди. Ҳозиргача Миробод, Олмазор, Чилонзор, Яккасарой ва Янгиҳаёт туманларида шундай туну-кун ишлайдиган кўчалар ташкил этилган.

Янги ташаббус доирасида Тошкент шаҳридаги 26 та кўчада 24 соат ишлайдиган савдо нуқталари сонини мингтагача ошириш ҳам назарда тутилган. Шунингдек, замонавий бекатлар ва автотураргоҳлар қурилиши режалаштирилмоқда.