Тошкентда кўчалар ягона дизайн-код асосида таъмирланади

11:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Пойтахт кўчалари бино фасадидан тротуар ва яшил ҳудудларгача яхлит ҳолда таъмирланиб, янги стандартлар асосида пиёда ва велосипедчиларга қулай муҳит яратилади. Бу орқали шаҳар кўриниши тизимли тарзда ўзгартирилади.

Shavkat umrzoqov

Тошкент шаҳрида кўча-йўл инфратузилмаси ягона дизайн-код асосида капитал таъмирланади. Бу ҳақда шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов 9 июл куни Президентга тақдим этилган «Ечимлар атласи» тақдимоти чоғида маълум қилди. Унга кўра, лойиҳа Британия ва Россия мутахассислари иштирокида ишлаб чиқилган дизайн-код асосида амалга оширилади.

Лойиҳа доирасида China State Construction Engineering Corporation компанияси томонидан 200 км узунликдаги йўллар «бинодан биногача» тамойилида, яъни бино фасадлари, тротуарлар ва яшил ҳудудларни қамраб олган ҳолда ободонлаштирилади. Бугунги кунгача йўллар асосан «қизил чизиқ» доирасида таъмирланган бўлса, энди улар икки томонлама яхлит ҳудуд сифатида ривожлантирилади.

Шаҳар ҳокимининг таъкидлашича, ягона стандартлар йўқлиги сабабли кўплаб қурилиш ишлари тизимсиз олиб борилган. Янги ёндашувлар бу муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади. Бош режа алоҳида деталларгача ишлаб чиқилган бўлиб, ҳар бир жойда пиёда ва велосипед ҳаракати хавфсизлиги биринчи ўринга қўйилади.

Қурилиш вазири ўринбосари Давронжон Одилов таъкидлашича, янги стандартлар AASHTO ва NACTO каби халқаро мезонлар асосида ишлаб чиқилган. Улар нафақат Тошкентда, балки Янги Тошкент лойиҳаларида ҳам татбиқ этилади. Президент топшириғига биноан, лойиҳа жорий иқлим шароити ва эксплуатация харажатларини камайтириш талабларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.