Трамп тухум нархи учун курашмоқда. Трамп маъмурияти Калифорнияни судга берди

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШда тухум нархи кескин ошгани фонида Доналд Трамп маъмурияти Калифорнияга қарши судга мурожаат қилди. Сабаб – фермерларга қўйилган қаттиқ қоидалар, дея таъкидланмоқда.

Trump sues california

2025 йил 9 июл куни АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Калифорния штатига қарши Лос-Анжелесдаги федерал судда расмий даъво аризасини киритди. Даъвода Калифорнияда тухум ишлаб чиқаришга қўйилган чекловлар туфайли мамлакат бўйлаб нархлар ошгани қайд этилган.

Калифорнияда қабул қилинган қонунларга кўра, товуқлар ёпиқ жойларда эмас, балки эркин ҳаракат қилиши мумкин бўлган шароитда сақланиши керак. Бу эса фермерлар учун харажатларни ошириб, тухум нархини юқорилашга олиб келган. Трамп маъмурияти буни «ортиқча бюрократия» ва «либерал сиёсатлар» оқибати деб атади.

АҚШ Бош прокурори Пэм Бондининг таъкидлашича, Калифорния сиёсатчилари бутун мамлакатга таъсир қиладиган тушунарсиз ва ноодатий талабларни жорий қилмоқда. Тухум нархининг ошиши эса инфляция фонида аҳоли харид қобилиятини янада пасайтирмоқда.

Федерал ҳужжатларда 1970 йилда қабул қилинган «Egg Products Inspection Act» асосида тухум хавфсизлигида миллий бирлик талаб этилиши айтилган. Трамп маъмурияти айнан шу қонунга таянаётганини билдирмоқда.

Аввал ҳам Калифорнияга қарши шундай шикаятлар бўлган — 2014 йилда олти штат судга мурожаат қилган, лекин ютиб чиқолмаган. 2023 йилда эса чўчқа фермаларига оид ўхшаш чекловлар Олий судда маъқулланган.

Калифорния ҳукуматининг асосий нуқтаи назарига кўра, бу қонунлар озиқ-овқат хавфсизлиги ва ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатни камайтириш мақсадида қабул қилинган.