Фарғона вилоятининг Данғара туманида хонанда Жалолиддин Аҳмадалиев муаллифлик ҳуқуқини бузганликда айбланиб, маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Текширувлар давомида Аҳмадалиев муаллиф Шоҳрух Абдувоҳидовга тегишли бўлган «Юрак», «Мени деб оқарди сочларинг она», «Кўзларингни қизғанма мендан» ва «Барчасини Худога солдим» номли шеърлардан рухсат ва шартнома тузмасдан фойдалангани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177(1)-моддасига асосан расмий баённома тузилиб, иш судга юборилди. Дангара туман суди қарорига кўра, хонандага мазкур модданинг биринчи қисми асосида жарима жазоси тайинланди.
Қонунчиликка мувофиқ, муаллифлар ҳуқуқлари бузилганда зарарни тўлиқ қоплашдан ташқари, ҳуқуқбузардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробаридан 1000 баробаригача тўлов талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Адлия вазирлиги ижодкорларни муаллифлик ҳуқуқлари бузилганда «1008» рақамига ёки info@adliya.uz электрон манзилига мурожаат қилишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хонанда Ботир Қодиров ҳам муаллифлик ҳуқуқини бузганлиги учун 132 млн сўм жаримага тортилган эди.