678 нафар абитуриент тестсиз 189 баллни «нақд» қилган

20:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Улар тестсиз ҳолда тўғридан-тўғри танлов босқичига ўтказилди. Қиёс учун, 2024 йилда бундай имкониятдан фақат 1 нафар абитуриент фойдаланган эди.

Abiturent

2025/2026-ўқув йили учун қабул жараёнида 678 нафар абитуриент барча фанлардан тегишли сертификатга эга бўлгани учун тест синовларини топширишдан озод этилди. Улар тестсиз ҳолда тўғридан-тўғри танлов босқичига ўтказилди. Қиёс учун, 2024 йилда бундай имкониятдан фақат 1 нафар абитуриент фойдаланган эди.

Аслида, бундай абитуриентлар тестга кирмасдан 189 баллни «нақд» қилиб қўлга киритиши мумкин. Бироқ, агар улардаги миллий сертификатлар фоизли кўринишда бўлса, бу ҳолда берилувчи балл ҳам сертификат фоизи билан мутаносиб тарзда ҳисобланиши мумкин.

Шунингдек, бу йил 85 140 нафар абитуриент умумтаълим фанларидан, 58 216 нафари эса чет тилларидан миллий ёки халқаро сертификатга эга экани қайд этилган. 2024 йилда бу кўрсаткичлар мос равишда 13 180 ва 44 834 нафарни ташкил этган.

Мутасаддилар бу жараённи билимни рағбатлантиришга қаратилган ислоҳот сифатида баҳоламоқда. Ҳар бир фан бўйича сертификатга эга бўлиш абитуриентларга нафақат тестсиз ўтиш имкони, балки билим сифатини тасдиқловчи ҳужжатга ҳам эга бўлишни таъминлайди.