Арманистон Зангезур йўлаги бошқарувини хорижий логистика компаниясига топшириш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Мнатсакан Сафарян маълум қилди. Унинг айтишича, агар бу қарор Арманистоннинг илгари эълон қилган тамойилларига мос келса, уни амалга ошириш мумкин.
Бу баёнот бош вазир Никол Пашинян ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг Абу-Дабида бўлиб ўтган тўрт соатлик учрашуви давомида муҳокама қилинди. Маълумотларга кўра, ушбу учрашувда Зангезур йўлаги масаласи асосий мавзулардан бири бўлган.
БААдаги учрашув нимани англатади?
Сўнгги тўрт ярим йил ичида Арманистон ва Озарбойжон ўртасида Россия ва Европа давлатлари воситачилигида бир неча бор музокаралар ўтказилди. Бу учрашувлар тинчликка эришиш мақсадида ташкил этилган бўлса-да, афсуски, улар орқали сезиларли натижаларга эришилмади.
Шу сабабли, Боку ва Ереван ўртасидаги бевосита, ташқи воситачиларсиз ўтказиладиган музокаралар – яъни, «яккама-якка» суҳбатлар энг самарали йўл экани яна бир бор ўз тасдиғини топмоқда. Абу-Дабида ўтган учрашув ҳам айнан шундай бевосита мулоқот шакли бўлиб, муҳим бурилиш нуқтаси сифатида баҳоланмоқда.
Музокаралар
Зангезур йўлаги Озарбойжоннинг асосий ҳудудини Арманистон жануби орқали Нахичивон эксклави билан боғлайди. Бу масала узоқ йиллардан бери икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб келмоқда.
CaucasusWarReportʼга кўра, АҚШ таклиф қилган келишувга асосан, йўлак устидан назорат Америка хусусий компаниясига топширилиши мумкин. Бу таклиф бир вақтнинг ўзида Озарбойжон хавфсизлигини таъминлаши ва Арманистон суверенитетини сақлаб қолишига хизмат қилади. Ўз-ўзидан, Россия ва Эрон бу жараёндан четлаштирилади.
Расмий Ереваннинг таъкидлашича, йўлак бўйича музокаралар Арманистон ва Озарбойжон ўртасида тинчлик шартномасини имзолашга тайёргарликнинг бир қисми ҳисобланади. Март ойига келиб, икки давлат келишув лойиҳасининг 17 моддасидан 15 тасини, жумладан муқаддимасини ҳам келишиб олган. Фақат халқаро даъволар ва учинчи томонларнинг иштироки каби масалалар очиқ қолган.
Ҳар икки томон БААдаги учрашувдан сўнг чегараларни аниқлаш (делимитация) борасида ижобий силжишлар бўлганини билдирган.
Туркия Арманистоннинг Зангезур йўлаги бўйича ёндашувида юз берган ўзгаришларни ижобий баҳоламоқда. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған июл ойи бошидаги нутқида «Аввал Арманистон Зангезур йўлагига қарши эди, аммо ҳозир у иқтисодий интеграцияга нисбатан янада мослашувчан муносабат билдирмоқда», деган. Унинг айтишича, бу йўлак фақат Эрон эмас, балки бутун Жанубий Кавказ минтақаси учун фойдали бўлади.
Шу билан бирга, АҚШ Давлат департаменти бу борадаги аниқ режа ёки Америка компанияларининг иштироки ҳақида изоҳ бермади. Фақатгина, АҚШ минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдириш билан чекланди.
Музокаралар нима учун айнан Абу-Дабида бўлиб ўтди?
Абу-Даби бугунги кунда дунёнинг кўплаб йирик давлатлари ва сиёсий кучлари манфаатлари кесишадиган марказга айланган. Айниқса, бу ерда АҚШ ва Буюк Британиянинг таъсири кучли экани яққол сезилади.
Авваллари Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги тинчлик музокараларини ЕХҲТнинг Минск гуруҳи олиб борган бўлиб, унинг ҳамраислари АҚШ, Россия ва Франция эди. Шунинг учун ҳам бу давлатлар музокараларни ўз ҳудудларида ўтказишга ҳаракат қилгани табиий.
Россия ва Европа бу борада бир неча бор ташаббус кўрсатган, лекин уларнинг воситачилигида муҳим натижаларга эришилмади. Энди эса АҚШ музокаралар учун қулай ва нейтрал муҳит яратишга ҳаракат қилмоқда. Абу-Дабидаги учрашув айнан икки томоннинг бир-бирига босим ўтказмасдан очиқ мулоқот қилиши учун танланган, деб тахмин қилиш мумкин.
Сулҳ шартномаси қачон имзоланиши мумкин?
Сулҳ шартномасининг аниқ қачон имзоланишини айтиш қийин. Бу ерда ҳам субъектив, яъни сиёсий ирода ва ишончга боғлиқ омиллар, ҳам объектив – яъни минтақадаги реал шароитлар муҳим рол ўйнайди. Энг муҳими – ҳужжатнинг ўзи эмас, балки томонларнинг бирга тинч яшаш ва ҳамкорлик қилишга розилиги.
Агар шартнома яқин вақт ичида имзоланмаса ҳам, амалий ҳаракатлар учун муҳим имкониятлар пайдо бўлмоқда. Энг аввало, бу минтақадаги транспорт йўлларини, жумладан, юқорида зикр этилган Зангезур йўлини очиш билан боғлиқ.
TRT Global нашрига кўра, ўз навбатида, ушбу йўлак Арманистоннинг халқаро даражадаги йирик иқтисодий, транспорт ва транзит лойиҳаларига қўшилишига йўл очади.
Бу ҳолат Арманистоннинг мустақиллик даражасини сезиларли даражада ошириб, мамлакатга иқтисодиёт ва логистика соҳасида муҳим устунликлар тақдим этади. Натижада, Арманистон қўшимча фойда олади ва барқарор ривожланиш имкониятига эга бўлади.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади