Washington Post нашрининг ёзишича, минглаб талабалар ижтимоий тармоқларини тозалашга киришган: сиёсий деб баҳоланиши мумкин бўлган постлар, лайклар, обуналар – ҳатто машҳур шахслар ва сиёсатчиларга бўлган обуналар ҳам бекор қилинмоқда.
Бунга сабаб – Доналд Трампнинг топшириғи билан АҚШ визалари учун текширувларнинг кучайтирилгани. Давлат департаменти июн ойида «кенгайтирилган скрининг» тизимини жорий қилди. Эндиликда виза олиш учун ариза берганлардан ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини очиб қўйиш, виза офицерларига эса фотосуратлар, мэмлар ва ҳатто лайкларгача бўлган барча онлайн фаoлиятни текширишга рухсат берилган.
АҚШ Давлат департаментининг ички ҳужжатида виза офицерлари «Америка фуқаролари, маданияти, институтлари ва асосий тамойилларига душманлик» аломатларини аниқлаши кераклиги айтилган. Ҳатто Исроилни танқид қилиш ҳам Америка манфаатларига зид деб баҳоланиши мумкин.
Нашрга кўра, талабалар бу ҳолатдан саросимада. Бир талаба: «Мен Байден, Камала Ҳаррис, Обама ва демократ конгрессменларнинг барчасидан обунани олиб ташладим» , — дея изоҳ берган.
Бошқалар Фаластинни қўллаб-қувватловчи постлардаги лайкларини олиб ташлаган, Фаластин байроғи ёки тарвуз тасвири бор профиллардан обунани бекор қилган.
Баъзилар ҳаттоки зарарли бўлмаган, нейтрал контентдан ҳам эҳтиёт бўла бошлаган. Масалан, бир талаба «деворга зарба бермоқчиман», деган мэмни ўчириб ташлаган, чунки бу тажовузкорлик сифатида талқин қилинишидан хавотирланган. Яна бири Афғонистонга ёрдам ҳақидаги видеони кўриб, унга лайк босган, кейин эса нотўғри тушунилишидан чўчиб тезда ўчирган.
«Эски постлар АҚШдаги режаларингни барбод қилишига йўл қўйма»
Баъзи талабалар эски постларини ўчиришда ёрдам берадиган пуллик хизматларга мурожаат қилмоқда. Масалан, Phyllo ва Redact.dev каби стартаплар ижтимоий тармоқдаги «хавфли» контентни сунъий интеллект ёрдамида аниқлашни таклиф қилмоқда. Улар шундай шиорлар билан реклама қилинмоқда: «Эски постлар АҚШдаги режаларингни барбод қилишига йўл қўйма».
Шу билан бирга, виза рад этилганлар сони ҳам ошмоқда. Маҳаллий нашрларнинг маълум қилишича, ҳатто ижтимоий тармоғи йўқлиги учун ҳам рад этилган ҳолатлар мавжуд.
Адвокатларнинг айтишича, бундай қарорлар изоҳланмайди ва унга апелляция бериш имконияти йўқ. Виза рад этилган тақдирда, бу ҳолат келажакда ҳам АҚШ визаси олиш имкониятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
АҚШда виза текширувларининг кучайтирилиши Трамп маъмуриятининг Фаластин бўйича сиёсати, хусусан, норозилик намойишларида қатнашаётган хорижликларга босим ўтказиш сиёсати билан боғлиқ.
Янги йўриқномаларда фаолларнинг АҚШдаги фаолияти, уларнинг иштироки «академик мақсадлар»га мос келадими-йўқми — шулар текширилиши кераклиги айтилган.
«Мен энди сиёсий мавзуларда пост ёзишни тўхтатдим. Энди менинг профилим шунчаки бўш қолган саҳифага ўхшайди», деди талабалардан бири.
Ўзи нима бўлган эди?
Трамп маъмурияти илк бор апрел ойи ўрталарида Ҳарвард университети раҳбариятидан хорижий талабаларнинг «ноқонуний ва зўравонлик ҳаракатлари» ҳақида ҳисобот талаб қилган. АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги университетни Фаластин тарафдори бўлган норозилик намойишлари туфайли аксилсемитизмга йўл қўйишда айблаган.
Босимлар фақат виза ва таълим тизими билан чекланиб қолмади. АҚШ ҳукумати Ҳарвардга ажратилган 60 миллион долларлик федерал грантларни бекор қилди.
Шунингдек, Оқ уй университетдан ўқитувчилар таъсирини камайтириш, «Америка қадриятларига душман» талабаларни қабул қилмаслик каби талабларга бўйсунишни сўраган. Ҳарвард бу талабларга бўйсунишни рад этганидан сўнг, умумий қиймати 2,2 млрд долларга тенг федерал грантлар музлатиб қўйилган.
Шунингдек, 2025 йил июнь ойидан бошлаб АҚШда ўқиш истагида бўлган ҳар бир хорижий талабадан ижтимоий тармоқлардаги фаоллигини тўлиқ очиқлашни талаб қилина бошланди. Бу талаб «кенгайтирилган скрининг» (extended screening) деб номланиб, АҚШ Давлат департаменти ва Ички хавфсизлик вазирлиги (DHS) томонидан жорий қилинди.
Бу тартибга кўра, талабалар виза олиш учун ариза топшираётганда, сўнгги беш йил давомида фойдаланилган барча ижтимоий тармоқ аккаунтларини тақдим этиши шарт.
«Исроилни танқид қилувчи постлар ҳам хавфли»
Визани кўриб чиқаётган консуллик ходимларига эса бу аккаунтлардаги постлар, лайклар, репостлар, изоҳлар, обуналар, мэмлар ва ҳаттоки эможиларни таҳлил қилиш ваколати берилди. Улар, хусусан, ариза топширувчининг АҚШ «қадриятлари, жамияти, сиёсати ва халқига қарши душманлик кайфияти» бор-йўқлигини аниқлаши керак.
Давлат департаментининг ички йўриқномасида ёзилишича, «Америка институтларига, фуқароларига ёки иттифоқчиларига нисбатан таҳдид ёки нафрат» билдирган ҳар қандай контент салбий баҳоланади. Айрим ходимлар бу доирада Исроилни танқид қилувчи постларни ҳам хавфли деб талқин қилган. Шу сабабли талабалар оммавий равишда сиёсий контентларни, жумладан, Фаластинни қўллаб-қувватловчи постлар, Байден, Обамага бўлган обуналар, ҳатто янгиликларга берган лайклар ва мемларни ҳам ўчириб ташлашга мажбур бўлишди.
Washington Postда эълон қилинган мақолага кўра, баъзилар шахсий саҳифаларини бутунлай ёпган ёки мавжуд постларни ўчириб, фақат нейтрал контент қолдирган. Масалан, «Мен сиёсий мақолалар ёзишни тўхтатдим. Энди профилим шунчаки бўш қолган саҳифага ўхшайди», дейди исмини ошкор қилмаган талаба.
Бироқ бу эҳтиёткорлик баъзида ўзига қарши ишламоқда. Айрим талабалар, масалан, Австриядан бўлган бир ариза берувчи, ижтимоий тармоқ саҳифаси йўқлиги сабабли шубҳали деб топилган ва виза олишдан маҳрум қилинган. DHS вакиллари бундай ҳолатни «фаолликни яшириш» сифатида талқин қилган.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.