Энди «Тошкент пропискаси» батамом бекор бўладими?

18:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда фуқаролар, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳуқуқий асосга эга бўлди. 10 июл куни қабул қилинган янги қонунга мувофиқ, мамлакат бўйлаб ягона рўйхатга олиш механизми жорий этилди.

Propiska

«Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида»ги Қонун (ЎРҚ–1074-сон) энди турар жой мулкдорлари ва бошқа масъул шахслар зиммасига аниқ мажбуриятларни юкламоқда. Улар яшаш учун жой ажратган фуқароларни ўз вақтида рўйхатдан ўтказиши шарт.

Қонунга кўра, меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситаларида турган фуқаролар «E-mehmon» электрон тизими орқали рўйхатдан ўтказилади. Шунингдек, хорижда доимий яшовчи фуқаролар Ўзбекистонга кирган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиши талаб этилади.

Энг муҳими, ушбу қонун билан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги алоҳида «прописка» амалиётининг тугатилиши кутилмоқда. Бу Президент фармони ва Конституция нормаларига мувофиқ тартиб бўлиб, республиканинг барча ҳудудларида тенг ҳуқуқли рўйхатдан ўтиш тизими яратилиши назарда тутилган.

Фуқароларни рўйхатдан ўтказиш Ички ишлар органлари, Давлат хизматлари марказлари ҳамда ЯИДХП (my.gov.uz) орқали амалга оширилади. Қонуннинг тўлиқ матни эълон қилиниши кутилмоқда.