Германия ҳукумати расмий сайтида келтирилишича, Москва репарация тўламас экан, унинг музлатилган активларига кириш ҳуқуқи ҳам тикланмайди.
Мерц таъкидлашича, Европа Иттифоқи давлатларида сақланаётган Россияга тегишли юзлаб миллиард евро ҳажмидаги активлар музлатилган ҳолда қолади. Улардан тушаётган фойда эса Украинага берилаётган кредитларни молиялаштиришга йўналтирилади. Унинг сўзларига кўра, Украина тикланишида фақат давлатлар эмас, балки хусусий сектор ҳам фаол иштирок этиши шарт. Мерцнинг таъбирича, бу Европада эркин бозор, сиёсий барқарорлик ва энергия хавфсизлиги учун зарур.
2022 йил февралда Россиянинг Украинага босқини бошланганидан сўнг Ғарб мамлакатлари Россия Марказий банки ва Миллий фаровонлик жамғармаси активларини музлатди. Россиянинг расмий маълумотларига кўра, 2022 йил бошида мамлакат халқаро захиралари 207 млрд долларлик евро, 67 млрд долларлик АҚШ доллари, 37 млрд фунт стерлинг ва бошқа валюталардаги 64 млрд долларни ташкил этган.
2024 йилда G7 давлатлари ушбу музлатилган активлардан тушаётган даромадни Украинага кўмак сифатида йўналтиришга келишиб олди. Бу маблағлар 50 млрд долларлик кредитни қоплашга хизмат қилади.
2025 йил март ойида АҚШ Конгрессининг икки партия вакилларидан иборат гуруҳи Трамп маъмуриятини Россия активларининг фақат фойдасини эмас, балки тўлиқ 300 млрд долларлик активларни Украина манфаатига сарфлашга чақирди. Улар G7 иттифоқчиларини ҳам шундай қатъий чораларга ундашни сўради. Европа Иттифоқи эса 2024 йил декабридаги саммитда Москва расман репарация тўлашга рози бўлмагунча, активлар ечилмаслиги ҳақида қарор қабул қилган эди.