Ичимлик ва оқова сув хизмати учун қарздорлик 794 млрд сўмга етди

16:00 | 3 дақиқада ўқилади.

«Ўзсувтаъминот» АЖ маълумотига кўра, жорий йилнинг 1ярим йиллиги якунига кўра аҳоли ва юридик шахслар томонидан ичимлик ҳамда оқова сув хизматлари учун умумий дебитор қарздорлик 794 млрд сўмни ташкил этди. Бунинг 73 фоизи аҳолига, 27 фоизи эса юридик истеъмолчилар ҳиссасига тўғри келади.

Ichimlik suvi

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов маълум қилди. Унга кўра, қарздорлик миқдори йил бошига нисбатан 115 млрд сўмга ёки 13 фоизга камайтирилган.

2025 йилда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 81,5 фоизга етказилди. Шу билан бирга, 544 км ичимлик ва 148 км оқова сув тармоқлари қурилди, 35 та ичимлик ва 7 та оқова сув иншоотлари фойдаланишга топширилди. Қуёш энергиясига асосланган 7,4 минг кВт/соат қувватга эга ускуналар ўрнатилиб, 6,1 минг кВт/соат электр энергияси тежалди.

Иш самарадорлигини ошириш мақсадида 208 та туман ва шаҳарда авария-тиклаш гуруҳлари ташкил этилиб, тегишли техника ва ускуналар билан жиҳозланди. Шунингдек, 1 607 км тармоқ таъмирланди ва 4 935 та носозлик бартараф этилди.

Жорий йилда умумий қиймати 2,1 млрд долларлик 21 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Уларнинг 453,5 млн доллари халқаро молия институтлари кредитлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда.

Сифатни таъминлаш мақсадида 141 мингта сув намунаси таҳлил қилинди. Соҳада ISO 37001:2016 стандартига мувофиқ коррупцияга қарши тизим жорий этилди. 822 нафар ходим малака оширди, шундан 38 нафари хорижда.