Жазони ижро этиш департаментининг маълум қилишича, пенитенциар (жазони ижро этиш) тизимда маҳкумларни руҳий қўллаб-қувватлаш, уларни қайта тарбиялаш ва жамиятга мослаштириш мақсадида етарли психолог кадрлар йўқ. Бундай мутахассислар ҳар йили талаб этилмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, маҳкумлик инсон учун оғир жисмоний ва психологик даврдир. Бу вақтда депрессия, стресс, ёлғизлик каби ҳолатлар тез-тез учрайди. Шу сабаб, психологик ёрдам маҳкумларнинг ички ҳолатини барқарорлаштириш ва келгусидаги ҳаётини тўғри йўналтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Департамент бу эҳтиёжни бартараф этиш мақсадида Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорлик йўлга қўйган. Ҳозирда талабаларни тизимга қизиқтириш, уларда пенитенциар соҳага доир тушунчаларни шакллантириш ишлари амалга оширилмоқда.
Пенитенциар психология — бу жиноят содир этган шахсларни қайта ижтимоийлаштириш, уларнинг бузилган шахсий хислатларини тиклаш ва келажакда ижобий хулқ-атворни шакллантиришга қаратилган йўналиш ҳисобланади. Психологлар маҳкумларга ўз хатоларини англаш, келгусидаги хатти-ҳаракатларини тўғри баҳолаш ва жиноятга қайтиб қолиш эҳтимолини камайтиришда ёрдам беради.