Сўровда 4 821 нафар респондент қатнашган бўлиб, шундан 1 968 нафари аҳоли, 2 853 нафари эса тиббий ходимлар ҳисобланади. Аҳоли ўртасидаги сўровда қатнашганларнинг 15 фоизи шифокор қабул вақти, муомала ёки маълумотнома олиш мақсадида пул ёки совға берганини айтган. 14 фоизи эса бу ҳолатни аниқ эслай олмаган.
Норасмий тўлов қилганлардан 152 нафари ташаббусни ўзи кўрсатганини, 93 нафари шифокор томонидан ишора берилганини ва 49 нафари ушбу ҳолат ўзаро розиликка асосланганини билдирган. Шу билан бирга, 37 фоиз респондент бундай ҳолатлар совға ёки пул кўринишида амалга оширилишини таъкидлаган.
Тиббий ходимлар иштирокидаги сўровда уларнинг 57 фоизи тизимда умуман коррупция йўқлигини айтган. Аммо айримлари ишга кириш, ордер бериш ёки меҳнатга лаёқатсизлик варақаси тақдим этишда норасмий тўловлар мавжудлигини тан олган.
Тадқиқотда айтилишича, аҳоли ва тиббиёт ходимлари томонидан коррупциянинг асосий сабаби сифатида кам маош, рақамлаштиришнинг етарли эмаслиги ва тарғиботнинг сустлиги кўрсатилган. Шунингдек, «совға бериш»ни миннатдорлик сифатида қабул қиладиган кенг омма онги ҳам тизимдаги шаффофликка тўсқинлик қилмоқда.