Кўп қаватли уйлар бошқарув органлари томонидан қарийб 26 миллиард сўм талон-торож қилинди

10:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда кўп қаватли уйларни бошқариш билан шуғулланувчи 83 та ташкилот мажбурий тўлов маблағларини ўзлаштиргани аниқланди. Қарийб 26 миллиард сўмлик молиявий қонунбузарлик ҳолатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. Шунингдек, 150 дан зиёд бошқарув органига жарималар қўлланилди.

Dollar

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраеванинг маълум қилишича, жорий йил бошидан буён 417 та бошқарув органининг фаолияти текширилган. Молиявий таҳлил натижасида 83 тасида умумий 25,9 миллиард сўм мажбурий тўлов маблағлари ўзлаштирилгани фош бўлган.

Текширувлар натижасида мазкур ҳолатлар бўйича барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилган. Айрим ҳолларда бошқарув ташкилотлари ўз маблағларини ноқонуний равишда сарфлаб юборгани, аҳоли тўловлари манзилга етиб бормагани аниқланган.

Бундан ташқари, 158 та бошқарув органига жами 587 миллион сўмлик маъмурий жарималар қўлланилди. Қолган ташкилотларга эса қонунбузарликларни бартараф этиш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.

Озода Жўраева таъкидлашича, авваллари мансабдор шахслар қоидабузарлик учун фақат бир марта жавобгарликка тортилаётган бўлса, энди ҳар бир алоҳида қонунбузарлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.