Labubu ўйинчоқлари: Хитойнинг узоқ йиллар мобайнида орзу қилган «юмшоқ кучи»

09:40 | 8 дақиқада ўқилади.

Labubu шунчаки ўйинчоқ эмас. У Хитойда яратилган бренд (IP) бўлиб, биринчи марта дунё бўйлаб истеъмолчилар орасида жуда машҳур бўлди. Энг қизиғи, бу муваффақият ҳукумат режалаштирган ҳолда эмас, ўз-ўзидан содир бўлди. 

Labubu

The Diplomat нашрининг ёшишича, 2025 йилда энг кўп қизиқилган нарса дизайнерлик сумкаси ёки энг сўнгги технологик қурилма эмас. Бу сафар эътибор марказида — тишларини кўрсатиб жилмайиб турган юмшоқ элф ўйинчоқ: Labubu.

Labubu бутун дунёда машҳур бўлиб кетди. Девид Бекҳем, Риана, Dua Lipa ва Blackpink гуруҳи аъзоси Лиза, ҳатто Таиланд қироллик оиласи вакиллари ҳам ўз Labubu коллекцияларини намойиш қилмоқда.

Бу ўйинчоқ аслида 2015 йилда ҳонгконглик рассом Касинг Лунг томонидан «The Monsters» номли расмли китоблар учун яратилган эди. 2019 йилда эса Поп Март номли компания уни «кўр қути» услубидаги тўпланадиган ўйинчоқ сифатида сотувга чиқарди. «Кўр қути» шуни англатадики, харидор қутини очмагунча унинг ичида қандай ўйинчоқ борлигини билмайди. Шу тарзда Labubu оммавий машҳурликка эришди.

Ўшандан бери Labubu миллионлаб одамларни ўзига ром этган ва дизайнерлик ўйинчоқлари саноатини миллиардлаб долларлик бозорга айлантирган. Labubu юмшоқ ўйинчоқлари дўконларда бир неча дақиқада сотилиб кетади, мухлислар эса уларни олиш учун соатлаб навбат кутишади. Баландлиги бир метр бўлган ва ноёб ялпиз рангдаги Labubu каби махсус нашрлар кимошди савдоларида 150 минг доллардан ҳам юқори нархларга сотилган.

Labubu оддий ўйинчоқ эмас. У Хитойнинг узоқ йиллардан бери орзу қилинган «юмшоқ кучи» нинг кутилмаган тарзда юзага келган тимсолига айланди.

Хитой ҳукумати йиллар давомида «Бир макон, бир йўл»  ташаббуси орқали ўзини ижобий кўрсатишга ҳаракат қилди, туризмни ривожлантириш учун визасиз кириш тизимини жорий этди ва маҳаллий брендларни тарғиб қилишга интилди.

Бироқ, бу ҳаракатларнинг ҳеч бири Labubu каби оддий бир ўйинчоқнинг ўз-ўзидан бутун дунёда шуҳрат қозонишига тенг кела олмади. Масалан, Япония 2010 йилда давлат томонидан қўллаб-қувватланган «Cооl Japan»  дастурини ишга туширган ёки Жанубий Корея ўз маданиятини экспорт қилиш учун режалаштирилган стратегияларни қўллаган. Labubu эса бутунлай бошқача йўл билан муваффақиятга эришди — у режаларсиз машҳур бўлди: мухлислар уни тарғиб қилди, ТикТок орқали тез тарқалди ва машҳурлар томонидан мақталди.

Labubu атрофидаги васваса нафақат сиёсий, балки маданий жиҳатдан ҳам муҳим ўзгаришларни акс эттиради. Бугунги кунда ўйинчоқлар бозори фақат болаларга эмас — катталарга ҳам мўлжалланган. Носталгия, қулайлик ва болаликка қайтиш истаги туфайли катталар ўйинчоқларга катта миқдорда пул сарфлашмоқда. Шу сабабли «kidult» (яъни, «ёши катта болалар») деб аталадиган янги харидорлар гуруҳи пайдо бўлди. Labubu шов-шуви айнан шу тенденциянинг бир қисмидир — миллениаллар ва Z авлоди вакиллари бу ўйинчоқни шахсий ифода, мавқе ва жамиятга тегишли бўлиш белгиси сифатида қабул қилишмоқда.

Бундан ташқари, Labubu ўйин ва молия ўртасидаги тобора яқинлашаётган боғлиқликни ҳам кўрсатади. Уни қайта сотиш бозори биржа каби ишлайди: ўйинчоқларнинг камлиги уларнинг қийматини оширади, улар билан боғлиқ ҳиссиётлар эса талабни кучайтиради. Бу — юзаки кўринадиган, аммо мураккаб ва ҳис-туйғуларга асосланган капитализмнинг бир кўринишидир.

Бу митти бахмал ўйинчоқ глобал шов-шувга айланиши учун қарийб ўн йил керак бўлди. Аммо тренд оммалашгани сари кўплаб кўнгилсизликларга ҳам сабаб бўлмоқда. Масалан, Лондон, Сеул каби шаҳарларда Поп Март ўйинчоқларини сотиб олишга уринган мухлислар орасида жанжаллар чиққач, компания баъзи жойларда савдони вақтинча тўхтатишга мажбур бўлди. Дунё бўйлаб Labubuʼнинг сохта нусхалари кўпайгани эса интеллектуал мулк ҳуқуқлари ва истеъмолчиларнинг ишончига оид хавотирларни кучайтирмоқда.

Labubu кулгили ва шўх элфга ўхшаши мумкин, аммо унинг маданий таъсири жуда жиддий. Бу энди шунчаки ўйинчоқ эмас. У Хитойнинг нафақат маҳсулот, балки истак ва орзулар ишлаб чиқараётган мамлакатга айланганини кўрсатади.

Баъзилар Labubuʼни аввалги мода ўйинчоқлар — жингалак ип йигирувчилар, Beanie Babies ёки Тамаготчилар каби вақтинчалик тренд деб ўйлаши мумкин. Аммо бу ундан чуқурроқ нарса.

Меҳриноза Фармонова тайёрлади.