Марко Рубио: «Россия 2025 йил бошидан бери 100 минг ҳарбийсидан айрилган»

10:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Марко Рубио Россиянинг Украинадаги йўқотишлари ҳақида шок баёнот берди ва Трамп маъмурияти Украина урушини тўхтатиш учун фаол мулоқот олиб бораётганини таъкидлади.

Rubio asean

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Малайзиядаги АСЕАН анжуманида Россия 2025 йил бошидан буён 100 минг ҳарбийни йўқотганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу йўқотишлар фақат ҳалок бўлган ҳарбийлар ҳисобига, яъни яраланганлар ҳисобга олинмаган.

Рубионинг таъкидлашича, Украина томонидаги йўқотишлар миқдори анча камроқ, бироқ барибир салмоқли. У Россиянинг ҳарбий ҳаракатларини кескин танқид қилди ва АҚШ президенти Доналд Трамп урушларни «пул ва инсон ҳаётини беҳуда сарфлаш», деб ҳисоблашини алоҳида таъкидлади.

«Президент Трамп урушларни ёқтирмайди. У Украинадаги ва бошқа қуролли тўқнашувларга барҳам беришни мақсад қилган», — деди Рубио. Унинг сўзларига кўра, Трамп маъмурияти бу урушни тугатиш учун ҳар қандай мулоқот имконидан фойдаланмоқда ва бу жараёнда Россия билан ҳам фаол муносабат ўрнатилган.

Рубио Россия Ташқи ишлар вазири билан бўлган суҳбатни ҳам қайд этиб, уни «очиқ ва муҳим» деб атади. У шундай деди: «Биз фикр ва таклифлар алмашдик ва буни Вашингтонга етказаман. Биз бу орқали қандайдир илгарилашга эришамиз деб умид қиламиз».

Унинг таъкидлашича, Трамп президент бўлмаганида, бу уруш бошланмасди. Аммо у энди мавжуд ва АҚШ, имконият бор жойда, урушни тўхтатиш учун ҳаракат қилаверади. Шунингдек, Трамп бир неча бор Украина ва Россия раҳбарлари билан тўғридан тўғри мулоқотлар олиб боргани қайд этилди.

Шунингдек, Рубио Пентагон томонидан Украинага қурол етказиб бериш вақтинча тўхтатилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди. Унинг айтишича, бу фақат захиралар кўриб чиқилиши билан боғлиқ бўлган, сиёсий қарор эмас. Махсус турдаги ўқ-дорилар вақтинча текширув учун ушлаб турилган ва етказиб бериш тўхтагани ҳақидаги хабарлар нотўғри талқин қилинган.