Ўзбекистонда дронлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

18:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон ўзининг учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқаришга тайёргарлик кўрмоқда. ДХХ қарашли ҳарбий қисмда дронлар учун замонавий технологияларга асосланган авиация мажмуаси ишга туширилди.

Dronlar

Тақдимот маросимида дронлар соҳасидаги янги ишланмалар намойиш қилинди. Кибернетикада инновациялар IT-парки директори Алберт Хамзиннинг таъкидлашича, маҳаллий корхоналар дронлар учун электрон компонентлар ва дастурий таъминот ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда. Ушбу маҳсулотларнинг маҳаллийлаштириш даражаси 80 фоизни ташкил этмоқда.

Президент томонидан дронларни ишлаб чиқаришни маҳаллий корхоналар базасида йўлга қўйиш бўйича вазифа қўйилган. IT-парк бош мутахассиси Исломбек Исматов маҳаллий дастурий таъминот билан таъминланган дронлар ҳозирда асосий маҳсулотлар сирасига киради, деб таъкидлади.

Авиация мажмуасида дронларга парвоз олди ва парвоздан кейинги хизмат кўрсатиш имкониятлари яратилган. Шунингдек, дронларни бошқариш пунктлари, ўқув хоналари, спорт зали ва электрон кутубхона ҳам мавжуд. Бу ерда хорижда малака оширган 100 дан ортиқ ёш мутахассис фаолият олиб бормоқда.

Шу билан бирга, мамлакат ҳаво ҳудудида учувчисиз тизимлар парвозини назорат қилиш учун ягона марказ тузиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳарбий-ҳаво кучлари подполковниги Алибек Ғуфроновнинг сўзларига кўра, бу марказнинг асосий вазифаси дронларнинг ҳаракатини кузатиб боришдан иборат бўлади.

Тақдим этилган лавҳаларда Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar TB2 дронлари ҳам намоён қилинди. Ўзбекистон армиясида мазкур дронлардан фойдаланилаётгани ҳақида 2023 йил ноябрида Президент Шавкат Мирзиёевга намуналар тақдим этилганида маълум бўлган эди.