Ўзбекистонда электромобиллар сони 65 мингдан ошди

17:30 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йил 1 апрел ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 65,2 мингта электромобил рўйхатдан ўтказилган. Электромобиллар асосан Тошкент шаҳрида тўпланган бўлиб, бу йўналишдаги рақамлар минтақалар кесимида катта фарқ билан ажралиб турибди.

Electromobil

Миллий Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрида 49 минг 736 та электромобил қайд этилган. Кейинги ўринларда Тошкент вилояти (4 512 та) ва Самарқанд вилояти (1739 та) турибди. Электромобиллар сони энг кам қайд этилган ҳудуд — Сурхондарё вилояти бўлиб, бу ерда атига 198 та электромобил мавжуд.

Шунингдек, Хоразм вилоятида 1415 та, Фарғонада 1376 та, Қашқадарёда 1338 та ва Бухорода 1133 та электромобил қайд этилган. Қорақалпоғистон Республикасида эса 525 та транспорт воситаси рўйхатга олинган.

Ўзбекистон бўйича электромобиллар ривожланиши тўғрисидаги мазкур маълумот мамлакатда экологик тоза транспорт воситаларига талаб ортганини кўрсатади. Шу билан бирга, ҳудудлар бўйича инфратузилма ривожи ва бозор имкониятлари фарқли эканлиги ҳам сезиларли даражада намоён бўлмоқда.