Россия ҳибсдаги гумонланувчиларни урушга юборган полициячиларга пул тўлайди

15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

2024 йил августидан бери Россияда полиция ходимларига урушга юборилган ҳар бир гумонланувчи учун 10 мингдан 100 минг рублгача мукофот пули берилаяпти. Судгача бўлган жараёнда уларни фронтга юбориш амалиёти кенгаймоқда.

Rossiya mahbuslari

Россияда ҳибсга олинган шахсларни фронтга юбориш орқали полиция ходимларини моддий рағбатлантириш амалиёти йўлга қўйилди. Бу ҳақда мустақил Verstka нашри терговчилар ва полициячилар сўзларига таянган ҳолда хабар берди.

Маълум қилинишича, Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган ҳар бир гумонланувчи учун участкавойлар, тезкор ходимлар ва терговчиларга мукофот пули тўланмоқда. Маблағлар ҳудудларга қараб турлича: Москва ва Санкт-Петербургда ҳар бир ҳолат учун 50 минг рубл, Ленинград областида эса 100 минг рублгача етиши мумкин.

Агар ҳибсдаги шахс урушга боришга рози бўлса, унга нисбатан жиноят иши тўхтатилади, эҳтиёт чоралари бекор қилинади. Айрим ҳолларда урушдан қайтган шахс ҳатто судланмаган деб ҳисобланиши мумкин. Ҳуқуқшунослар бундай амалиёт ҳуқуқий хавф-хатарлар туғдираётганини таъкидлашмоқда.

Ички ишлар тизимидаги манбаларга кўра, 2025 йил июн ойида бутун мамлакат бўйлаб 3333 нафар ҳибсга олинган шахсга урушга бориш таклиф қилинган. Уларнинг 392 нафари — тахминан 12 фоизи — шартнома тузишга рози бўлган. Қолганлари рад этган ёки натижа номаълум бўлган.

Маълумотларга кўра, урушга юбориш ҳақида қарор суд қарорисиз амалга оширилмоқда, фақат ҳарбий комиссариатдан шартнома тузилгани ҳақида маълумотнома талаб қилинади. Бу орқали терговчи ойига камида икки кишини фронтга юбориб, ўз ойлик маошидан кўп пул ишлаши мумкин.

Жорий тартиб Жиноят кодексига киритилган ўзгаришлар асосида 18 ёшдан 65 ёшгача бўлган ҳар қандай гумонланувчига суд ўрнига урушда қатнашиш имконини тақдим этади.