Россия боғбонлар ассоциацияси президенти Игор Муханиннинг маълум қилишича, ишчи етишмовчилиги мамлакатнинг бир қанча минтақаларида ҳосил нобуд бўлишига олиб келмоқда. Унинг таъкидлашича, «олма териш учун рус тили керак эмас», чунки ҳар бир бригадада тилни биладиган масъул шахс бор.
2024 йилда Краснодар ўлкасида маҳаллий ҳокимият томонидан мигрантларнинг мавсумий ишларга жалб қилиниши тақиқланган ва минглаб тонна олма ҳамда резавор мевалар йиғилмай қолган. Жорий 2025 йилда ҳам аҳвол ўзгармаган — ҳосил миқдори камроқ бўлишига қарамай, ишчи етишмаслиги сабаб пишиб етилган меваларнинг нобуд бўлиши кутилмоқда.
Масалан, Тамбов областида полиз мевалари одатдагидан кўп ҳосил берган, аммо фермерлар уларни йиғишга улгурмаяпти. Айни вақтда қулупнай ва малина терилиши керак, тез орада гилос мавсуми ҳам бошланади. Аммо тонналаб маҳсулот йўқотиляпти — терадиган ишчилар йўқ. Ҳосил пишай деб қолган олмалар ҳам йиғилмай қолиши мумкин.
Муханиннинг айтишича, ишчи етишмаслиги сабзавот етиштириш соҳасига ҳам таъсир қилмоқда. Йилдаги ёмғирли об-ҳаво сабаб тезкор йиғим ва саралаш талаб қилинади, лекин ишчилар камлиги сабаб маҳсулот чириб кетяпти. Бу эса бозордаги нархларнинг кўтарилишига олиб келмоқда.
Ишчи муаммоси туфайли айрим компаниялар ўқувчилар ва талабаларни мавсумий ишларга жалб қилмоқда. Масалан, «Малино» компаниясида мактаб ва университетлар дарс жадвалини қайта тузиб, ўқувчиларни ферма ишларига жалб этяпти. Аммо бу чоралар муаммони тўлиқ ҳал этмаяпти.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ҳолат бутун Россиядаги кенг қамровли кадр муаммосининг ифодасидир. Олий иқтисодиёт мактаби ҳисоб-китобига кўра, 2024 йил якунида Россия корхоналарида 2,6 миллионта ишчи ўрни бўш бўлган — бу ўтган йилга нисбатан 17 фоизга кўп. Бунга меҳнат муҳожирларининг мамлакатдан чиқиб кетиши, иқтисодий ноаниқлик ва рубл қадрининг пасайиши сабаб бўлган.
Бу муаммолар Россиянинг Украинага қарши уруши ортидан янада кучайган. Миллиондан ортиқ инсон сафарбар этилган, яна 650 мингдан 1,1 миллионгача фуқаро мамлакатни тарк этган. «Crocus City Hall»даги террорчиликдан кейин эса миграция сиёсати янада қатъийлаштирилди, бу эса Марказий Осиёдан ишчи кучининг кириб келишини чеклади.
Россия аҳолисининг камайиши ҳам босимни кучайтирмоқда. Росстат маълумотига кўра, 2024 йилда табиий камайиш 596 минг кишидан ошиб кетган. Агар бу жараён давом этса, 2046 йилга келиб аҳоли сони 130,6 миллион кишигача камайиши мумкин.