Россиянинг геосиёсий кучи ядровий экспорт билан ошиб бормоқда

23:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия нафақат ядровий реакторлар ва уран экспорти бўйича етакчига айланган, балки атом энергетикаси орқали дипломатик таъсирини ҳам сезиларли даражада кенгайтирмоқда.

Ros atom

Британиянинг The Economist журнали таҳлилларига кўра, Россия бугунги кунда жаҳон атом энергетикаси соҳасида мустаҳкам етакчиликни сақлаб турибди. Хусусан, давлат корпорацияси «Росатом» ядровий реакторлар экспорти бозорининг 65 фоизи, бойитилган уран бозорининг эса 44 фоизини назорат қилмоқда.

Маълумотларга кўра, корпорациянинг экспортдан тушган даромади 2021 йилда 9 миллиард доллар бўлган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 16 миллиард долларга етган. Лекин, The Economist таъкидлашича, молиявий ўсишдан ҳам муҳимроғи — Россиянинг ядровий келишувлар орқали олаётган дипломатик таъсир кучидир.

«Росатом»нинг муваффақияти унинг мижозларга атом электростанцияси қурилиши, ёқилғи етказиб бериш ва мутахассислар тайёрлашни ўз ичига олган тўлиқ хизматлар циклини таклиф этаётгани билан боғлиқ. Бу компанияга атом соҳасидаги бошқа рақиблардан устун тура олиш имконини бермоқда.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Россия бу соҳадаги устунлигини давлатнинг қатъий ва доимий кўмаги билан таъминламоқда. Бу эса «Росатом»га юқори таваккалчиликка эга бўлган лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этиш имконини яратмоқда. Ғарб компаниялари эса бундай лойиҳаларда иштирок этишга тайёр эмас.

The Economist таъкидлашича, кўплаб мамлакатлар углеводородларга муқобил сифатида атом энергетикасини ривожлантиришга интилаётган бир пайтда, Россия нафақат ўзининг иқтисодий мавқеини мустаҳкамлаш, балки ядровий соҳадаги узоқ муддатли шартномалар орқали сиёсий таъсир доирасини кенгайтириш учун ноёб имкониятга эга бўлмоқда.