The Guardian нашрининг ёзишича, 53 ёшли Чхве 50 миллион вон (37 минг доллар) миқдорида компенсация талаб қилмоқда. Унинг таъкидлашича, 1997 йилда Шимолий Кореядан қочган, аммо 2000–2008 йиллар оралиғида Хитой томонидан тўрт марта қайтарилган. Сўнгги қайтарилишда у беш ой давомида Хамгён-Шимоли вилоятидаги учта қамоқда ҳибсда бўлган.
Шикоятда келтирилишича, у санитария қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда текширув жараёнида жинсий зўравонлика учраган, . Шунингдек, 15 соатдан зиёд давом этган мажбурий стресс ҳолатда сақлаш каби қийноқ усуллари унинг руҳий ҳолатига жиддий таъсир кўрсатган. Шу сабабли аёл ҳалигача дориларга боғланиб қолган. 2012 йилда у яна Шимолий Кореядан қочишга муваффақ бўлиб, Жанубий Кореядан бошпана топган.
Чхвенинг адвокати ҳам қочқин бўлган ва Жанубий Кореяда лицензия олган илк шимолий кореялик ҳуқуқшунос Ли Ён-хён ҳисобланади. Унга Жанубий Кореянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича маълумотлар базаси маркази ҳам кўмак бермоқда. Бу марказ БМТ ва Халқаро жиноят судига мурожаат қилиш учун ишни асос сифатида ишлатишни режалаштирмоқда.
Аммо Жанубий Корея судлари қонуний асосда КХДРга қарши иш кўриш ҳуқуқига эга бўлса-да, ҳукуматлар ўртасидаги муносабатлар йўқлиги сабабли компенсация ундириш амалда имконсиз ҳисобланади. Шунга қарамай, бу иш тарихий ва рамзий аҳамиятга эга, дейди ҳуқуқ фаоллари.
Чхве Мин-гён: «Биз ҳали гувоҳлар тирик экан, курашишимиз шарт. Бу кичик қадам эркинлик ва инсон қадрини ҳимоя қилиш пойдевори бўлиши керак», — дейди.