Халқаро допинг таҳлил агентлиги (ITA) хабарига кўра, Рашитов сўнгги 12 ой ичида уч марта ўз жойлашуви ҳақида нотўғри маълумот тақдим этган. Бу ҳолат антидопинг қоидаларида синовдан бош тортишга тенг деб ҳисобланади ва жиддий қонунбузарлик сифатида баҳоланади.
Шунга мувофиқ, спортчининг дисквалификация муддати 2025 йил 13 майдан бошланиб, 2027 йил 12 майгача этиб белгиланган. У шу давр мобайнида ҳар қандай халқаро ва миллий спорт мусобақаларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Улуғбек Рашитов Токио–2020 ва Париж–2024 Олимпия ўйинларида 68 кг вазн тоифасида олтин медалларни қўлга киритган эди. Шунингдек, у Осиё ўйинлари ва чемпионати ғолиби, жаҳон чемпионати совриндори ҳисобланади.
Рашитов таэквондо бўйича икки карра Олимпия чемпиони бўлган илк ўзбекистонлик спортчи сифатида мамлакат спорт тарихида алоҳида ўрин тутади. Унинг дисквалификацияси спорт жамоатчилигида катта қизиқиш ва муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.