Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларида 9 мингдан ортиқ шахс жазога тортилган

14:20 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг биринчи ярмида зўравонликдан жабрланган 55 мингдан зиёд хотин-қизларга ҳимоя ордери расмийлаштирилган. Унга амал қилмаган 9 мингдан ортиқ зўравон шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Хотин-қизлар қўмитаси маълум қилди.

Ayollarga zo'ravonlik

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Умида Абдуллаева маълум қилишича, ҳимоя ордери нафaқат жабрланган, балки потенциал равишда хавф остида бўлган аёлларга ҳам берилаётгани муҳим қадам ҳисобланади. Ордер берилганидан сўнг, оила ярим йил мобайнида мунтазам равишда назоратга олинади.

Таъкидланишича, жорий йилнинг олти ойи давомида 9 275 нафар зўравон шахс ҳимоя ордери талабларини бузгани учун жазога тортилиб, тузатув дастурларига йўналтирилган.

Абдуллаеванинг таъкидлашича, зўравон шахс деганда аниқ бир жинс эмас, балки ҳар қандай қариндош — қайнона, қайнота, ака, эри ёки бошқа бирор шахс бўлиши мумкин. Зўравонликнинг 80–82 фоизи оилада, қолган қисми жамоат жойларида содир бўлаётгани аниқланган.

Бундан ташқари, Сенат раиси Танзила Норбоева зўравонлик қилган шахсларга ҳам тизимли ёндошув зарурлигини таъкидлаб, фақат жабрланувчи аёл билан ишлаш билан муаммо ҳал бўлмаслигини билдирган эди. Унинг фикрича, зўравон шахслар билан ҳам психологик ва ижтимоий ишларни кучайтириш керак.