Европа раҳбарлари Россияга қарши урушга тайёрланмоқда — Лавров

21:25 | 2 дақиқада ўқилади.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Европа раҳбарларини тарих сабоқларини унутганликда айблаб, уларни Россияга қарши янги урушга тайёргарлик кўраётганликда гумон қилди. У бу фикрларни Куала-Лумпурда АСЕАН тадбирларидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида айтди.

Lavrov

Лавровнинг баёноти Германия канцлери Фридрих Мерцнинг дипломатик ечимлар тугагани ҳақидаги сўзларига жавоб сифатида янгради. Унинг таъкидлашича, Ғарб сиёсатчилари, жумладан Берлин, Париж ва Лондон раҳбарлари Европа халқларини Россияга қарши янги урушга чорламоқда.

Министрнинг сўзларига кўра, Германияда милитаризацияни кучайтириш ва Россиядан келаётган таҳдидларга қарши курашиш номига фашистик шиорлар остида сиёсий йўл тутилаётгани жиддий хавотир уйғотади. У бундай йўлни «бесамар ва фожеавий» деб атади ҳамда бу сиёсат Европада ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада ёмонлаштиришини айтди.

Шу билан бирга, Лавров АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан учрашувда ДСНВ (Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш тўғрисидаги шартнома) муҳокама қилинмаганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу учрашувда Украинадаги вазият ва Россиянинг доимий позицияси муҳокама қилинган.

Шунингдек, Лавров Ғазо ва Ғарбий соҳилдаги гуманитар вазият бўйича фикр билдириб, Исроилнинг фаолияти оқибатида Фаластин давлатига оид БМТ қарорларининг амалга ошиши таҳдид остида эканини таъкидлади.