Ўзининг ўзига хос таъми ва анъанавий тайёрланиш усули билан машҳур бўлган «Зомин қозон патири» расман географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Ушбу маҳсулот Жиззах вилоятининг Зомин туманига хос бўлиб, маҳаллий сут ва сариёғ қўшилган алоҳида хамирдан тайёрланади ва қозонда пиширилади.
Интеллектуал мулк агентлиги маълумотига кўра, патир 20-географик кўрсаткич сифатида Ўзбекистон давлат реестрига киритилган. Бу эса маҳсулотнинг номи, сифати ва келиб чиқиш манбаини қонуний жиҳатдан ҳимоялаш имконини беради.
Географик кўрсаткич — маълум ҳудудга хос маҳсулотни тасдиқловчи ва унинг сифатини кафолатловчи ҳуқуқий белгидир. У ушбу маҳсулотнинг анъанавий рецепти, ишлаб чиқариш усули ва ўзига хос хусусиятлари давлат томонидан тан олинганини билдиради.
Мутасаддиларнинг қайд этишича, ушбу рўйхатдан ўтказиш жараёни маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудий брендни илгари суриш ва ички ҳамда ташқи бозорда оригинал маҳсулотни танитишга хизмат қилади.
Эндиликда «Зомин қозон патири» номи билан маҳсулот тайёрлаш ва сотиш фақат тегишли талабларга мос ишлаб чиқарувчиларга рухсат этилади. Бу эса истеъмолчиларга сифатли ва ҳақиқий маҳсулотни тақдим этишни кафолатлайди.