Фестивал 2009 йилдан буён ўтказилиб келинмоқда ва Озарбойжон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Узейр Ҳожибеков номидаги Боку мусиқа академияси кўмагида Ҳайдар Алиев жамғармаси ташаббуси билан амалга оширилади. У халқаро маданий майдон сифатида нафақат классик мусиқа анъаналарини сақлаб қолади, балки турли мамлакатлардан иқтидорли артист ва ёш ижодкорларни бир саҳнада бирлаштиради.
Бу йилги дастурда Озарбойжон, Лотин Америкаси, Литва ва Гуржистондан машҳур ижрочилар иштирок этади. Улар томонидан тақдим этиладиган концертлар Озарбойжон миллий мусиқаси ва жаҳон мусиқа меросини ўзаро уйғунлаштирган ҳолда намоён бўлади.
Шунингдек, Озарбойжонда 2025 йил «Конституция ва суверенитет йили» деб эълон қилингани, шунингдек, озар мусиқа мактаби асосчиси Узейр Ҳожибековнинг 140 йиллиги муносабати билан фестивалнинг маънавий ва тарихий аҳамияти янада ортмоқда. Фестиваль доирасида халқ артисти Рауф Атакшиевнинг 100 йиллиги ва машҳур бастакор Васиф Адигўзаловнинг 90 йиллигига бағишланган махсус концертлар ҳам ташкил этилади.
Габала халқаро мусиқа фестивали 2025 йилнинг энг эсда қоларли маданий воқеаларидан бири сифатида таърифланмоқда.