Евроиттифоқ Россия нефтидан воз кечар экан, унга яқин Каспийбўйи давлатлари — Озарбойжон ва Қозоғистон ушбу бўшлиқни тўлдириши кутилмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу ўзгаришлар Европанинг энергетик муҳандислигини узоқ муддатга қайта шакллантириши мумкин.
ОПЕК ҳисоботига кўра, 2050 йилгача Европа нефт ва конденсат импорти кунига тахминан 1,6 млн баррел даражасида барқарор қолади. Бу кўрсаткич 2022 йилгача бўлган Россия таъминотидан камроқ бўлса-да, асосий ўзгариш манбаларда бўлади. Россия ўрнини Қозоғистон ва Озарбойжон эгаллаб олади.
2024 йилда ЕИ томонидан жорий этилган эмбарго туфайли Россиядан нефт етказиб бериш миқдори 1,8 млн баррелдан 2030 йилда 1,7 млн баррелгача тушиши, 2050 йилга келиб эса 1,6 млн баррелда мустаҳкамланиши кутилмоқда. Хисоботда уруш тугагандан кейин ҳам Россиянинг Европага қайтиши эҳтимоли пастлиги таъкидланган.
2024 йилда Озарбойжон Европага 12,1 млрд метр куб газ экспорт қилди — бу ўтган йилга нисбатан 20 фоиз кўп. Шунингдек, Европа бозорига 18,4 млн тонна нефт етказиб берилди. Юк ташишда Шоҳ-Денгиз 2, TANAP ва TAP каби газ қувурлари иштирок этди. Ҳозирда Озарбойжон газни 12 давлатга етказмоқда, шулардан 10 таси Европа, 8 таси ЕИ аъзоси.
Қозоғистон Европа нефт импортида Норвегия ва Россиядан сўнг учинчи ўринда турибди. 2024 йилда у тахминан кунига 1,05 млн баррел миқдорида нефт етказиб берди. Асосий йўналиш — Россиянинг Новороссийск порти орқали Каспий қувур консорциуми (КТК). Шу билан бирга, Қозоғистон геосиёсий хавфлар сабаб Боку–Тбилиси–Жайҳун (БТЖ) қувуридан ҳам фойдаланишни кучайтирмоқда — 2024 йилда 1,5 млн тонна нефт шу орқали экспорт қилинди.
Қозоғистон шунингдек, Германияга нефт етказиб беришни 2025 йилда 50 фоизга ошириш бўйича музокаралар олиб бормоқда ва «яшил энергия» экспорт қилиш имкониятларини ҳам ўрганмоқда.