Италиянинг Cherrytimes.it ва АҚШнинг World Population River нашрлари эълон қилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон дунёдаги гилос етиштирувчи мамлакатлар орасида етакчи ўнликка кирган. Бу Ўзбекистоннинг аграр салоҳияти ва мева-сабзавот экспортидаги ўрни тобора мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
2024 йилда Осиёда 1,7 миллион тонна гилос истеъмол қилинган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 3,7 фоизга ўсган. Сўнгги ўн бир йил давомида гилос истеъмоли йиллик ўртача 3,9 фоизга ўсиб борган.
2014 йилдан бери гилосга бўлган талаб 77 фоизга ошган. 2024 йилда эса минтақадаги бозор қиймати 7,1 миллиард долларга етган. Бу ўтган йилга нисбатан 15 фоизга кўпроқдир.
Ўзбекистондаги аграр секторда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан боғдорчиликни ривожлантириш ва замонавий усулларда гилос етиштириш — мамлакатни экспортбоп маҳсулотлар бўйича рақобатбардош қилаётган омиллардан саналади.
Бу каби эътирофлар Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жаҳон бозорига чиқариш имкониятларини янада кенгайтириши ва ташқи инвестициялар оқимини рағбатлантириши мумкин.