2025–2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси доирасида инсон ресурсларини бошқариш соҳасида ишловчи кадрлар учун HR сертификатлаштириш институти ташкил этилади.
Бу янгилик давлат ташкилотлари учун кадрларни касбий билим ва кўникмаларини баҳолаш, шунингдек, уларни тан олишда ягона миллий стандарт яратишни кўзда тутади. Мазкур тизим HR соҳаси учун миллий малака стандартлари ва талабларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқали йўлга қўйилади.
HR соҳасига оид халқаро сертификатлар — HR Professional Certification, B-HRD certification, HRCI, PHR ва бошқалар — тан олиниши режалаштирилган. Шунингдек, HR сертификатига эга ходимлар учун алоҳида аттестация талаб этилмаслиги белгиланмоқда.
HR сертификатлаштиришни амалга ошириш Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошидаги Раҳбар кадрларни баҳолаш марказига юклатилади. Лойиҳага Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси, Рақамли технологиялар вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа идоралар ҳам жалб этилади.
Мазкур институт инсон ресурсларини самарали бошқариш, давлат хизматининг институционал салоҳиятини ошириш ва халқаро мезонларга мослашишда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.