Парижда Янги Каледония давлатини тузиш бўйича тарихий келишув имзоланди

22:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Франция таркибидаги Янги Каледония оролларида узоқ йиллар давом этган низолардан сўнг, сиёсий ҳаракатлар янги давлат тузиш бўйича келишувга эришди. Аммо янги давлат тўлиқ мустақил эмас, балки Франция билан боғлиқ ҳолда автономияга эга бўлади.

Caledonia

12 июл куни Париж яқинидаги Буживал шаҳарчасида Франция ҳукумати ва Янги Каледониянинг мустақиллик тарафдорлари ҳамда унга қарши бўлган гуруҳлар ўртасида келишувга эришилди. Politico наши маълумотига кўра, келишувга мувофиқ, янги тузилаётган давлат ўз фуқаролигини жорий этади ва орол аҳолиси икки паспортга эга бўлиш имконига эга бўлади.

Келишувда Янги Каледонияга халқаро алоқалар юритиш ваколати ҳам берилган. Франция эса иқтисодий ривожланиш, хусусан никель секторида, кўмаклашиш мажбуриятини олган. Франция Бош вазири Франсуа Байру ушбу келишувни «тарихий аҳамиятга эга» деб баҳолади.

Шу билан бирга, келишув тўлиқ кучга кириши учун Франция парламенти томонидан тасдиқланиши ва Янги Каледонияда референдумда маъқулланиши шарт. Бу референдум орқали орол аҳолиси ўз келажагига оид қарор қабул қилади.

Маълумот ўрнида: 2024 йил май ойида Франция парламенти оролларда яшовчи француз фуқароларига маҳаллий сайловларда овоз бериш ҳуқуқини бериш ҳақида қонун таклиф қилган эди. Бу таклиф маҳаллий Канак халқининг норозилигига сабаб бўлиб, оммавий тартибсизликларга олиб келган.

Келишувга кўра, янги давлат ташкил этилади, аммо у Франциянинг миллий тизими доирасида қолади. Франция Адлия вазири Жералд Дарманен бу келишув Янги Каледонияга кенгроқ ваколатлар ва халқаро тан олиш имкониятини беради, деб таъкидлади. Янги Каледония Жанубий провинцияси етакчиси Соня Бакес эса, «бу янги фуқаролик Франция фуқаролигини инкор этмайди», дея баёнот берди.