Россияда «чет эл агентлари» рўйхати яна кенгайтирилди

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия Адлия вазирлиги томонидан юритиладиган «чет эл агентлари» рўйхати яна бир қатор фаоллар, журналистлар ва сиёсатчилар ҳисобидан кенгайтирилди. Улар орасида Украинани қўлловчи ҳаракатлар ва мустақилликни тарғиб қилувчи жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам бор.

Rossiya adliya vazirligi

Россия Федерацияси Адлия вазирлиги «чет эл агентлари» рўйхатига янги шахс ва ташкилотларни қўшди. Рўйхатга киритилганлар орасида украиналик «Наш выход» жамоат ҳаракати, сиёсатчи Павел Елизаров, блогер Николай Росков, журналистлар Валерий Поташов ва Даря Литвишко, шунингдек, «Свободная Якутия» жамғармаси ҳаммуассиси Раиса Зубарева бор.

«Наш выход» ҳаракати бедарак йўқолган ёки асирга тушган россиялик ҳарбийларни қидириш билан шуғулланади. Раиса Зубарева бошчилигидаги «Свободная Якутия» жамғармаси Якутия мустақиллигини қўллаб-қувватлаши билан танилган.

Санкт-Петербург давлат университети битирувчиси Николай Росков тарихий мавзуларда онлайн чиқишлар қилиб борган. Журналист Валерий Поташов — «Новая газета» нашрининг доимий муаллифи ҳисобланади. Яқинда ФСБ ходимлари унинг яшаш уйи ва дала ҳовлисида тинтув ўтказган.

Павел Елизаров — марҳум мухолифат етакчиси Борис Немцовнинг собиқ ҳамкори, шунингдек, ҳукуматнинг собиқ биринчи ўринбосари. YouTubeда фаолият юритувчи RZVRT канали бошловчиси Даря Литвишко ҳам ушбу рўйхатдан ўрин олди.

Россия Адлия вазирлиги маълумотига кўра, уларнинг барчаси Россия ҳукумати сиёсати ҳақида ёлғон маълумот тарқатган, хорижий ташкилотлар билан алоқада бўлган ва «махсус ҳарбий амалиёт»га қарши чиққани учун «чет эл агентлари» сифатида қайд этилган.